Жамият | 18:09 / 24.10.2024
7771
3 дақиқада ўқилади

ССВ болаларни нафас аъзолари касалликларидан ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар берди

Иситмаси юқори боланинг томоғини йод ёки зелёнка билан артиш хато. Шамоллаб тана ҳарорати кўтарилганда кўп суюқлик ичиш тавсия этилади. Боланинг тўғри ва рационал овқатланиши, сурункали инфекция ўчоқларини бартараф этиш ва чиниқтириш куз-қиш мавсумий касалликлари олдини олади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Кузда аҳоли, айниқса, ёш болалар ўртасида шамоллаш ва грипп кўпаяди. Касалликдан болаларни қандай ҳимоя қилиш бўйича тиббиёт фанлари доктори, профессор Фурқат Шамсиев тавсиялар берди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Шифокорнинг сўзларига кўра, ёмғирли кунлар ва салқин об-ҳаво шароитида организмнинг вирус ва инфекцияларга қарши курашиш қобилияти пасаяди, яъни ҳавода намлик миқдорининг ортиши сабабли организм касалланишга мойилроқ бўлади.

Бунинг олдини олиш учун фарзандларни оилада гигиеник қонун-қоидаларга ўргатиш, қўлни совунлаб ювиш ёки тез-тез антисептик воситалар билан дезинфекция килишни уқтириш зарур.

Шифокор мавсумий касалликдан ҳимояланиш учун ота-оналар ва болаларга қуйидагиларни тавсия қилади:

  • юзларни қўл билан кўп ушламаслик, хоналарни доимий шамоллатиш, фарзандларга йўталганда ёки акса урганда оғиз ва бурунни салфетка ёки тирсак билан ёпишни ўргатиш;
  • болаларга касал бўлган тенгқурлари олдига яқин келмасликни айтиш, ҳимоя ниқобларидан фойдаланишни тушунтириш керак; агар фарзандлар касал бўлиб қолган бўлса, боғча ёки мактабга юбормаслик керак;
  • иситмаси юқори боланинг томоғини йод ёки зелёнка билан артиш кўп кузатиладиган янглиш хатти-ҳаракат. Чунки кичик ёшли беморнинг нафас йўли шиллиқ қавати жуда нозик, қолаверса, вирусдан яллиғланган ва шишган бўлади;
  • юқорида айтилган суртмалар билан ишлов берилса, шиллиқ қават жароҳатланиб, шиш катталашиб, лорингит юзага келиши ва бошқа асоратлар кузатилиши хавфи бор;
  • боланинг фибрил тутқаноғи бўлмаса, касаллик туфайли тана ҳарорати 38-38,5 даражадан паст бўлганда иситмани туширишга ҳожат йўқ; шундан ортсагина “парацетамол” ёки “ибупрофен” (болалар учун эритма) бериш мумкин;
  • тана ҳароратининг 37 С° даража экани иситма кўтарилганини англатмайди. Қайта-қайта иситмани туширувчи дориларни ичириш эса ундаги терморегуляция марказига салбий таъсир этади;
  • аллергик йўтал, астма, юқори нафас йўлларининг яллиғланиши кузатилаётган болалар бор хоналарда исириқ тутатиш мумкин эмас, чунки тутун кичкинтой органлари спазмини кўпайтириб, йўтални янада кучайтириши мумкин;
  • шамоллаш чоғида ва тана ҳарорати кўтарилганда кўп суюқлик ичиш касалликни тезроқ енгишга ёрдам беради. Қолаверса, болани тўғри ва рационал овқатланиши, сурункали инфекция ўчоқларини бартараф этиш ҳамда чиниқтириш бундай мавсумий касалликларнинг олдини олишга кўмаклашади;
  • болага қўшимча Д витаминининг сувли эритмаси (“аквадетрим”), аскорбин кислотаси, руҳ (цинк) ва селен моддалари, камқонликни даволаш мақсадида темир препаратлари тавсия этилса, нафас йўллари касалликларига қарши курашиш кучини оширишга ёрдам беради.

Шунингдек, Фурқат Шамсиев шамоллаш мавсумида вакцинация ишларини олиб бориш ҳам касалликдан ҳимояланишда яхши самара беришини қўшимча қилган.

Мавзуга оид