Америкада Вакиллар палатасининг барча 435 ўрни ва Сенатдаги 35 ўрин учун овоз берилади. Агар мухолифатдаги Демократлар партияси Конгресснинг камида бир палатасида кўпчиликни қўлга киритса, Трампнинг кўплаб ташаббусларини амалга ошириш қийинлашади. Шу сабабли сиёсатчилар ҳам, сайловчилар ҳам бу сайловни Трамп президентлигига бериладиган муҳим баҳо сифатида кўрмоқда.

Сайловолди кампания фаол кечмоқда, лекин америкаликларни қизиқтира олмаяпти. Телевидение, интернет ва ижтимоий тармоқларда сиёсий реклама жуда кўпайган. Аҳоли эса бундан чарчаганини айтмоқда. Чунки бугун Америкада ҳаёт ниҳоятда қимматлашган, одамлар эса сиёсатчиларнинг қуруқ ваъдаларидан тўйган.

Масалан, Reuters суҳбатлашган сайловчиларнинг аксарияти сиёсий рекламалардаги ҳужумкор оҳанг, қимматлашиб бораётган ҳаёт ва сиёсий баҳслардан толиққанини билдирган.

Ҳозирги пайтда сайловчиларнинг асосий эътибори иқтисодиёт, нарх-навонинг ошиши, иммиграция ва соғлиқни сақлаш масалаларига қаратилган.

Сўровлар шуни кўрсатяптики, бугунга келиб кўплаб америкаликлар на Республикачилар, на Демократлар мамлакат муаммоларини тўлиқ ҳал қила олишига ишонишмайди. Яъни Америка аҳолиси бугунги сиёсатдан ҳам, сиёсатчилардан ҳам тўйган.

Доналд Трамп эса сайлов кампаниясининг марказида қолмоқда. Унинг номи сайлов бюллетенида бўлмаса-да, кўплаб сайловчилар овоз беришни Трамп сиёсатини қўллаб-қувватлаш ёки унга қарши чиқиш сифатида қабул қилмоқда.

Сўнгги ойлар давомида Трамп маъмурияти овоз бериш қоидаларига ўзгартириш киритиш ташаббусларини илгари сурди. Хусусан, почта орқали овоз бериш тартиби ва сайловчиларни рўйхатдан ўтказиш масалалари бўйича янги талаблар таклиф қилинди. Бу ташаббуслар тарафдорлари томонидан сайлов хавфсизлигини кучайтириш деб баҳоланаётган бўлса, танқидчилар бундай чоралар айрим фуқароларнинг овоз беришини қийинлаштириши мумкинлигини айтмоқда.

Трамп сайлов натижаларини ҳисоблаш жараёни ҳақида ҳам тез-тез фикр билдирмоқда. У айрим штатларда овозларни санаш бир неча кун давом этишини танқид қилиб, натижалар имкон қадар тез эълон қилиниши кераклигини таъкидлаб келади. Шу билан бирга, сайлов маъмурлари миллионлаб бюллетенларни текшириш ва қонуний тартибда ҳисоблаш маълум вақт талаб қилишини эслатмоқда.