ЖИБ Томди туман суди раиси Азиза Мирзаева ЙТҲда вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ЙТҲ 15 август куни тушга яқин “Зарафшон-Томди” йўлида содир бўлган. Cobalt машинасида Зарафшон шаҳридан Томди туманига ишга кетаётган Азиза Мирзаева бошқарувни йўқотган. Оқибатда машина йўлдан чиқиб, ағдарилиб кетган.

ЙТҲда оғир тан жароҳати олган суд раиси воқеа жойида вафот этган.

Дастлабки маълумотда ЙТҲга ҳайдовчи тезликни оширгани сабаб бўлгани айтилмоқда. Аммо ЙТҲ содир бўлган ҳудудда йўлнинг аҳволи абгор ҳолатда эканини кўриш мумкин.

39 ёшли Мирзаева Азиза Асатовна 2024 йил декабр ойида судялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси лавозимига тайинланганди. У икки фарзанднинг онаси эди.

Судялар олий кенгаши ҳам да Олий суд Азиза Мирзаеванинг вафоти муносабати билан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.