Испания чемпионати, 8-тур
«Реал» – «Вилярреал» 1:0
Гол: Диоманде, 62 (1:0)
«Реал»: Куртуа, Конате, Рюдигер, Каррерас (Кукуреля, 46), Александр-Арнолд (Винисиус Жуниор, 52), Валверде, Тчуамени, Беллингҳэм, Диоманде (Думфрис, 86), Арда Гулер (Камавинга, 77), Мбаппе
«Вилярреал»: Гулачи, Наварро, Вейга, Кардона (Морено, 67), Фримен, Фойт (Ромеро, 56), Гуйе, Комесаня (Салиба, 56), Молейро (Ал Жимилий, 86), Аҳомаш (Олувасейи, 67), Перес
Огоҳлантиришлар: Беллингҳэм, 19. Конате, 81. Рюдигер, 83. Тчуамени, 87. Мбаппе, 90 – Вейга, 10. Наварро, 84
Четлатиш: Винисиус Жуниор, 73

Ла лиганинг 8-турида «Реал» ва «Вилярреал» ўртасидаги ўйин (1:0) катта можарога айланди. Ўйиннинг 71-дақиқасида мадридликлар клуби ҳужумчиси Винисиус Жуниор гол урди, аммо гол бекор қилинди ва футболчининг ўзи майдондан четлатилди.

Ёзда «Арсенал»га ўтиб кетиши мумкин бўлган, якунда Мадрид клуби билан шартномасини янгилаб олган Винисиус мавсум стартида ишончсиз ўйнамоқда. Шу туфайли Жозе Моуринио уни илк бор захира ўриндиғида қолдирди. Уни тўғри тушуниш мумкин: бразилиялик форвард бу мавсум барча турнирлар доирасидаги тўққиз ўйинда атиги бир гол урди. Натижада бошланғич таркибда унинг ўрнига Ян Диоманде туширилди.

Юлдузли бразилиялик барибир 52-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди, аммо тўғридан тўғри позиция бўйича рақобатчисини эмас, ҳимоячи Трент Александр-Арнолдни алмаштирди. Албатта, у ҳимояда ўйнамади ва ҳужумнинг чап қанотига жойлашди. 62-дақиқада эса у тушгач ўнг қанотга кўчган Диоманде ҳисобни очди – бу ивуарлик вингернинг «Реал» сафидаги дебют голи бўлди.

Аввалига ҳакам голни инобатга олмаганди, аммо VAR аралашуви билан ҳужумда ҳеч қандай қоидабузарлик бўлмагани тасдиқланди.

Аммо видеоҳакамларнинг ўйинга кейинги аралашуви «Реал» зарарига бўлди. 71-дақиқада Винисиус ҳам дарвозани ишғол этиб, рақобатчисига жавоб қайтарганди, аммо барчаси у учун ёмон якунланди.

Ҳолбуки Жозе Моуринио қизил олиш хавфи борлигига қарамай, 26 ёшли футболчисини табриклаш учун майдонга чиқиб келганди (у олдинроқ ҳакам билан баҳслашгани учун сариқ карточка олиб бўлганди).