Ўзбекистонда йўллардаги хавфсизликни таъминлашга қаратилган янги жавобгарлик чоралари киритилади. Тегишли қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги партияларнинг фракциялари томонидан кўриб чиқиляпти.

Қонун лойиҳасига кўра:

  • “автомототранспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш” жазо чораси жорий этилади, бунда айрим қўпол қоидабузарликларни содир этган шахсларнинг транспорт воситалари суд қарори асосида 6 ойдан 1 йилгача муддатга жарима майдонига жойлаштирилиши мумкин;

  • тезликни белгиланган меъёрдан 80 км/соатдан ортиқ оширганлик учун ҳайдовчи транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва 26,8 миллион сўмгача жаримага тортилади;
  • транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки мазкур ҳуқуқдан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилган “йўл безорилиги” учун амалдаги жазоларга қўшимча равишда транспорт воситаси мусодара қилинади ёки вақтинча олиб қўйилади;
  • вояга етмаган шахсга транспорт бошқаришни топшириш оғир оқибатларга олиб келган ҳолларда айбдор шахс жиноий жавобгарликка тортилади;
  • маст ҳолда транспорт бошқариш, ноқонуний пойгалар, юк машинасини тунги вақтда бошқаларга хавф туғдирадиган ҳолда тўхтатиб қўйиш ва бошқа хавфли ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилади;
  • пойгалар фақат махсус ажратилган ҳудудларда, хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда, спорт тадбири сифатида ўтказилиши мумкин.

Қонун лойиҳаси “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” деб номланади.

Бу ўзгаришлар йўлларда хавфсизликни таъминлаш, инсон ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган.