Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 июндаги ПҚ–209-сон қарори асосида, президент ташаббуси билан Ўзбекистон маданият вазирлиги хузуридаги Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «RAMZ-FILM» киностудияси томонидан «ШИРОҚ» тарихий фильми ишлаб чиқарилмоқда.
Фильм халқимиз тарихида алоҳида ўрин тутган, Ватан озодлиги ва эл эркинлиги йўлида ўз жонини қурбон қилган миллий қаҳрамон Широқнинг мислсиз жасорати ҳақида ҳикоя қилади.

Широқ — душманга қарши фақат қурол билан эмас, ақл-заковат, матонат ва фидойилик билан курашган қаҳрамон. У ўзини қабиладошларидан жабр кўрган киши сифатида кўрсатиб, Аҳамонийлар ҳукмдори Доронинг улкан қўшинини сувсиз саҳро ичкарисига бошлайди. Ўз ҳаётини қурбон қилиш эвазига босқинчилар лашкарини ҳалокатга маҳкум этиб, она юртини душман истилосидан сақлаб қолади.
Широқ ҳақидаги тарихий ривоят қадимги юнон муаллифи ва ҳарбий тарихчиси Полиэннинг «Ҳарбий ҳийлалар» — «Strategemata» асарида келтирилган. Фильм сценарийси ҳам ана шу тарихий манба асосида яратилган бўлиб, унда Широқнинг Ватан ҳимояси йўлидаги жасорати, ҳарбий тадбиркорлиги ва тенгсиз фидойилиги бадиий талқин этилади.

Широқ тимсоли асрлар давомида халқимиз учун ватанпарварлик, мардлик ва матонат рамзи бўлиб келган. Шу боис фильмнинг ғоявий мазмунида Ватанга садоқат, миллий ғурур, аждодлар хотирасига эҳтиром ва ҳарбий бурчга садоқат каби юксак қадриятлар устувор ўрин эгаллайди. Асар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини тарғиб этишга хизмат қилади.

Фильм устида катта ижодий ва ишлаб чиқариш жамоаси меҳнат қилмоқда: сценарий муаллифи — Назар Эшонқулов. Бош режиссёр — Музаффархон Эркинов. Бош оператор — Равшан Мирзакамалов. Бош рассом — Қаҳрамон Маткаримов. Бастакор — Муинзода.


















