Ўзбекистон | 16:40 / 12.11.2025
14685
7 дақиқада ўқилади

Собиқ “Тоштурма” ҳудуди тадбиркорга бериб юборилгани маълум бўлди. У ер хиёбон бўлиши керак эди

2018 йилда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси фармойишига асосан, Тошкент шаҳри ҳокимлигига Юнусобод туманидаги собиқ 1-сонли тергов ҳибсхонаси ўрнида хиёбон барпо этиш вазифаси юклатилган эди. Лекин 2020 йилга келиб, собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев қарийб 3 гектарлик ушбу ер майдонини “Yunusobod Business City” қурилиши учун мулки олиб қўйилган тадбиркорга компенсация сифатида бериб юборган.

Фото: Google Earth

Халқ тилида “Тоштурма” деб аталадиган 1-сонли тергов ҳибсхонаси Зангиотага кўчирилганидан кейин, ундан бўшаган 3 гектарлик ҳудуд хусусий тадбиркорга бериб юборилгани маълум бўлди. Ваҳоланки, ҳукумат фармойишига асосан, бу ерда аҳоли дам олиши учун хиёбон барпо этилиши керак эди.

Юнусобод туманида жойлашган ҳибсхона 2017 йилда Зангиота туманига кўчирилган. Шундан кейин, 2018 йил 22 март куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан, собиқ ҳибсхона жойлашган ер майдони Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган. Ҳужжатга кўра, ҳокимлик 3 ой ичида у ердаги биноларни бузиб, бўшаган ер майдонини ободонлаштириши ва замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этиши керак эди.

Ҳукуматнинг ушбу фармойиши 7 йилдан буён бажарилгани йўқ. Ҳудуд ташландиқ ҳолатда қолмоқда. Фуқароларнинг бу борадаги эътирозлари 2025 йил октябр ойида Сенат эътиборига тушди. Сенатор Сайёра Абдукаримова пойтахт ҳокимига сўров юбориб, ҳукумат топшириғи нега ҳалигача ижро этилмагани юзасидан изоҳ сўради.

Ушбу сўровга шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов имзоси билан йўлланган жавоб хатидан маълум бўлишича, хиёбон қурилиши керак бўлган ер майдони хусусий тадбиркорга бериб юборилган.

Ер майдони Тошкент шаҳри ҳокимининг 2020 йил 7 октябрдаги қарори асосида, “Огнеупор” МЧЖга компенсация тариқасида берилган.

Бунда, туманнинг бошқа бир нуқтасидаги ушбу корхонага қарашли саноат объекти жойлашган ер майдонининг бир қисми “Yunusobod Business City” қурилиши учун олинган бўлиб, ҳокимлик бунинг эвазига собиқ ҳибсхона ўрнини тадбиркорга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан расмийлаштириб берган.

  • Маълумот учун, “Тоштурма” ўрнида хиёбон барпо этиш ҳақидаги ҳукумат фармойиши қабул қилинган пайтда пойтахт ҳокими Раҳмонбек Усмонов эди. Орадан бир ой ўтиб, бу лавозимга Жаҳонгир Ортиқхўжаев тайинланган ва кейинчалик, ушбу ер майдонини тадбиркорга компенсация сифатида бериш ҳақидаги қарорни у имзолаган.
2018 йил 30 апрел (чапда) ва 2018 йил 30 август (ўнгда) кунлари сунъий йўлдошдан олинган суратлар / Фото: Google Earth

Ёнғинга чидамли маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Огнеупор” МЧЖ раҳбарининг сўзларига кўра, компания даставвал “Тоштурма” ўрнида ўз фаолиятини давом эттириш учун саноат корхонаси қурмоқчи бўлган, лекин ер майдони аҳоли уйлари орасида жойлашгани туфайли, бу фикрдан воз кечилган.

Ҳозирда компания бу жойда ё меҳмонхона, ёки турар жой мажмуаси қуришни режа қилиб қўйган, лекин қурилиш қилиш учун расмийлардан рухсат ололмаяпти. Чунки пойтахт бош режасига асосан, собиқ ҳибсхона жойлашган 2,9 гектарлик ер майдони консервация зонаси деб белгиланган ва у ерда янги қурилишлар қилиш тақиқланган.

  • Эслатиб ўтамиз, тасдиқланганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси ўзгариши кутилмоқда. Аввалроқ Kun.uz бош режага зид равишда қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш давом этаётгани ҳақида хабар берган эди.

Деталлар

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг сенатор сўровига жавобан йўллаган хатида ёзилишича, Юнусобод тумани Наманган кўчаси 5-уй (собиқ 1-уй) манзилидаги 2,9 гектар ер майдонида жойлашган собиқ 1-сон тергов ҳибсхонаси 2017 йилда Зангиотага кўчирилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 март кунги 220-сонли фармойишига асосан, собиқ ҳибсхонанинг бино-иншоотлари тегишли ҳудуди билан шаҳар ҳокимлигига оператив бошқарув ҳуқуқи билан топширилган. Мазкур фармойиш асосида шаҳар ҳокимлигига объектни белгиланган тартибда бузиш, бўшаган ер майдонини ободонлаштириш ва унда барча инфратузилма объектлари мавжуд бўлган замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этилиш вазифаси юклатилган.

Шунга қарамай, пойтахт ҳокимининг 2020 йил 7 октябрдаги қарори асосида, “Yunusobod Business City” номли янги тадбиркорлик маркази қурилиши учун Юнусобод тумани Чинобод кўчаси 8-уй манзилида жойлашган (3,0 гектар ер майдони ва ундаги 2571 кв.метр) объект бузилиши эвазига, компенсация тариқасида, муқаддам ҳибсхона жойлашган 2,9 гектар ер майдони маъмурий бино қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан “Огнеупор” МЧЖга ажратиб берилган ҳамда кадастр ҳужжатлари шакллантирилиб, 2021 йил 5 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилган.

2023 йил 13 май куни Юнусобод туман қурилиш бўлими бу ерда маъмурий бино қуриш лойиҳасига ижобий хулоса берган. Ушбу хулоса билан тасдиқланган лойиҳа асосида 76,0 кв.метрдан иборат маъмурий бино қурилиб, 2024 йил 6 апрелда берилган рухсатномага асосан қурилиши тугалланган объект фойдаланишга қабул қилинган. 9 апрелда эса мазкур нотурар жойнинг кадастр паспорти шакллантирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган.

2024 йил 24 декабрда тасдиқланган Тошкент шаҳрининг бош режасига асосан, муқаддам “Тоштурма” жойлашган мазкур 2,9 гектар ер майдони консервация зонаси сифатида қайд этилган. Яъни бу ерда қўшимча турар ва нотурар бино ҳамда иншоотлар қуриш мумкин эмас.

Қўшимча қилинишича, “Огнеупор” МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида тегишли Юнусобод тумани Чинобод кўчаси 8-уй манзилида жойлашган умумий ер майдони 2019 йил 8 май ҳолатига 7,4 гектар бўлган, ҳозирги кун ҳолатига эса 4,4 гектарни ташкил этади.

Тадбиркор бош режа ўзгаришини кутмоқда

Пойтахт ҳокимлигининг қайд этишича, ишчи гуруҳ ҳолатни ҳудудга чиққан ҳолда ўрганиб, “Огнеупор” МЧЖ раҳбари билан гаплашган.

Унинг сўзларига кўра, корхона компенсация тариқасида олиб қўйилган Чинобод кўчаси 8-уй манзилдаги ер майдонида ёнғинга чидамли маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган. Шаҳар ҳокимлиги бизнес марказ қуриш учун уларнинг бино-иншоотлари жойлашган ер майдонини танлаб олиб, ўрнига собиқ тергов ҳибсхонасининг 2,9 гектар бўш ер майдонини қарор асосида доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берган.

МЧЖ раҳбари, аввалига, фаолиятини давом эттириш учун ажратиб берилган ерда ёнғинга чидамли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхона қурмоқчи бўлган, лекин таниш лойиҳачиси билан гаплашганида, у ер майдони тўлиқ аҳоли пунктида жойлашгани, атрофи уй-жойлар билан ўралгани сабабли ишлаб чиқариш корхонаси қуриш имкони йўқлигини айтган.

Шундан кейин тадбиркор замонавий меҳмонхона қуришни режалаштирган, лекин қурилишга етарли маблағи бўлмаган.

Бу орада МЧЖ ўзига қарашли 2,9 ер майдонини хусусийлаштириш мақсадида ягона дарча орқали дастлаб 2022 йилда, кейинчалик 2025 йил феврал-август ойларида бир неча марта ариза топширган. Лекин туман қурилиш бўлими шаҳар бош режасига асосланиб, аризаларни рад этган.

“Огнеупор” раҳбарининг сўзларига кўра, улар келгусида ушбу ер майдони консервация зонасидан чиқарилган тақдирда, инвестор жалб этган ҳолда меҳмонхона ёки маиший хизмат кўрсатиш дўконларини ўз ичига олувчи кўп қаватли уй-жой қуришни режа қилган.

Мавзуга оид