Тошкент шаҳрининг узоқ йиллар кутилган, 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 декабр кунги қарори билан тасдиқланган эди. Қарорда бундан буён ҳар қандай қурилиш ишлари тасдиқланган бош режа асосида бўлиши белгиланган.

Орадан ярим йил ўтиб, 2025 йил 9 июл куни Спот нашри Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Халиловга таяниб пойтахт бош режаси ўзгартирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Халилов бу ҳақдаги саволга “бундай эҳтимол мавжуд” деб жавоб берган ва якуний қарор эксперт хулосалари асосида қабул қилинишини айтган.

“Ҳозир Тошкент бош режасига ўзгартиришлар киритиш мақсадида таҳлиллар олиб борилмоқда. Амалдаги ҳужжатда айрим ҳудудлар учун бино баландлигига оид эскирган ҳисоб-китоблардан фойдаланилган. Масалан, бош режада 5 қаватгача баландлик кўрсатилган, амалда эса бу ҳудудларда 16 қаватгача қурилиш қилса бўлади”, – деган вазирлик бошқарма бошлиғи.

17 июл куни Савдо-саноат палатасидаги очиқ мулоқотда қурилиш соҳасидаги тадбиркор Мурод Назаров ҳам шу ҳақда гапирди.

“Мана, худо хоҳласа, кутяпмиз: Тошкент шаҳрининг бош режаси коррекция бўляпти. Худо хоҳласа, яқинда чиқиб қолади”, деди Мурод Назаров дарахтлар кесилишига мораторийни бекор қилиш ҳақидаги шов-шувли таклифини айтишдан олдин.

Пойтахт бош режасини ўзгартириш Қурилиш вазирлигининг кун тартибида йўқ, тадбиркорларнинг бу борадаги таклифлари кўриб чиқилмайди, дея маълум қилди вазир ўринбосари Даврон Одилов Kun.uz билан 23 июл кунги суҳбатда.

“Унақа нарса (Тошкент бош режасини ўзгартириш – таҳр.) бизнинг кун тартибимизда йўқ. [Мурод Назаров] вазирлик ҳақида гапирмади. Расмийлар тўғрисида ҳам, Қурилиш вазирлиги тўғрисида ҳам гапирмади. Бош режани ўзгартириш ҳақида ҳам гапирмади. “Бош режани коррекция қилишга таклиф бермоқчимиз”, деди. Ҳали ундан ҳеч қанақа таклиф ҳам келиб тушгани йўқ, биз уни ҳали кўриб чиққанимиз йўқ, кўриб чиқмаймиз ҳам. Қурилиш вазирлигининг кун тартибида йўқ”, – деди Одилов.

Юқоридаги келтирилган фикрларга аниқлик киритиш мақсадида Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати қўшимча изоҳ берди