Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифага мансуб саноат корхоналари 2026 йил 1 мартга қадар ўз ҳудудларида фон мониторинг станцияларини ўрнатиши ва уларни Экологик мониторинг миллий марказига интеграция қилиши керак.

Бу топшириқ – Экология қўмитаси фаолиятини ташкил этиш бўйича президент қарорида белгиланди.

Қарорга асосан, юқоридаги топшириқни ўз вақтида бажармаган корхоналарга нисбатан компенсация тўловлари 5 бараварга оширилади.

Атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I тоифа (юқори даражада хавфли) ва II тоифа (ўртача даражада хавфли)га мансуб саноат корхоналари қаторига, жумладан, цемент заводлари, кимё комплекслари, электр станциялари, металлургия, машинасозлик, асбест, нефт-газ, кон-бойитиш ва тери-кўнчилик корхоналари киради.

Қарор билан, шунингдек, табиатга зарар етказганлик учун компенсация тўловларидан имтиёз олган субъектларнинг барчаси бу имтиёзидан маҳрум қилинди.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 сентябрга қадар ягона экологик онлайн платформа фаолияти йўлга қўйилиши кутилмоқда.