Ўзбекистон | 18:02 / 10.10.2024
7904
2 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда аҳолини пахта теришга мажбурлаган маҳалла раиси салкам 19 млн сўм жаримага тортилди

У пахта теримига чиқмаганларни бола пули берилмаслиги билан қўрқитган ва бу қилмиши учун 18 млн 750 минг сўм жаримага тортилган. Бандлик вазирлиги мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига дуч келганда Бандликка кўмаклашиш бўлимлари ёки 1282 қисқа рақамига мурожаат қилиш мумкинлигини эслатди.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси экани айтилган шахснинг пахтага чиқмаганларга бола пули бериш тўхтатилиши ҳақидаги аудиоси тарқалганди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ушбу овозли хабар юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиш ўтказганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Шаҳрисабз туманидаги Пахтакор маҳалласи раиси Л.Ўроқов 2024 йил 9 октябр куни Нушкент қишлоғининг “Нушкент бирлашайлик” Telegram-каналига ушбу овозли хабарни юборган. Раис бу орқали ишсиз фуқароларни пахта йиғим-теримига чақиргани, шундан сўнг улар теримга келгани аниқланган.

“Ҳолат юзасидан Л.Ўроқовга нисбатан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (18 750 000 сўм) миқдорида жарима қўлланди.

Унутманг, Меҳнат кодексининг 5-моддасига асосан мажбурий меҳнат тақиқланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шу ҳаракат такроран ёки вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилса, Жиноят кодексининг 148²-моддасига асосан жавобгарликка тортилади”, дейилади вазирлик муносабатида.

Шунингдек, вазирлик мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига дуч келганда Бандликка кўмаклашиш бўлимлари ёки 1282 қисқа рақами ҳамда @munosibmehnat_bot Telegram боти орқали Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш мумкинлигини қўшимча қилган.

Аввалроқ Сенат пахта теримига мажбурлаш ҳолатлари Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси томонидан назоратга олинганини билдирганди.

Мавзуга оид