Улар ўз баёнотида илғор СИ (frontier AI) ривожланишини маълум маънода секинлаштиришни — ёки ҳеч бўлмаганда глобал даражада мувофиқлаштирилган бошқарув ҳаракатларини тезлаштиришни қўллаб-қувватлаган.
«СИ ажойиб келажакни яратишга ёрдам бериши мумкин, аммо бундай натижа кафолатланмаган», дейилади соҳа олимлари имзолаган баёнотда.
Уларнинг айтишича, дунёдаги етакчи компаниялар СИ тадқиқотларини автоматлаштириш арафасида турган бўлиши мумкин. Бу ҳолат СИ тараққиётини қанчалик тезлаштириб юборишини олдиндан башорат қилиш қийин. «Аммо имкониятларнинг ривожланиши — олимлар ушбу тизимларни тушуниш ёки назорат қилиш лаёқатидан кўра тезроқ ўсиб кетиши хавфи бор». Ва бу жиддий хавф.
«Сунъий интеллектнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун саноат, ҳукумат ва бутун жамиятга юзага келаётган хавф-хатарларни бартараф этиш, хавфсизлик чораларини ишлаб чиқиш ҳамда назоратни кучайтириш мақсадида қўшимча вақт ютиш имконияти керак бўлиши мумкин,» дейди олимлар.
«Аммо ҳар бир компания ва мамлакат — бу тезлашувни бир томонлама секинлаштирмаслик бўйича кучли рақобат босими остида қолмоқда. Бугунги кунда эса дунёда илғор технологиялар тараққиётини мувозанатга солиш учун техник ва бошқарув воситалари етишмайди. Илғор моделлар чиқарилишини назорат қилиш бўйича бошланган ишларга асосланиб: Биз АҚШ ҳукуматидан автоматлаштирилган СИ ривожланишини мақсадли назорат қилиб бориш учун зарур техник ва бошқарув воситаларини ишлаб чиқишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини сўраймиз», дейилади мурожаатда.
Ушбу баёнот — ўтган ҳафтада сунъий интеллект саноатини ларзага келтирган, катта шов-шувларга сабаб бўлган киберхавфсизлик ҳодисадан сўнг пайдо бўлди.
Ўшанда Open AI'нинг ҳали оммага тақдим этилмаган модели ўзининг ички чекланган муҳитидан чиқиб кетган. У айланма йўллар билан интернетга кириш имконини қўлга киритди. Шундан сўнг у ўзининг рақобатчиси бўлган Hugging Face AI лабораториясини бузиб кирган, яъни хакерлик ҳужуми уюштирган эди.

CNN нашрининг ёзишича, OpenAI ва Anthropic (Claude) компаниялари СИ ривожланишини маълум бир меъёрга солиш ва қисман секинлаштириш ғоясини қўллаб-қувватламоқда. Мақсад — жамиятга ушбу ўта ақлли технологияларга мослашиш ва хавфларга тайёргарлик кўриш учун етарли вақт бериш.
Сем Алтманнинг таъкидлашича, яқинда СИ моделларининг ўз синов муҳитидан чиқиб кетиши каби ҳолатлар келажак бўйича жиддий саволларни юзага келтирмоқда ва жараённи секинлаштириш вақти келган бўлиши мумкин.
Google DeepMind раҳбари Демис Хассабис янги СИ моделлари учун ягона протоколлар ўрнатувчи халқаро стандартлар ташкилотини тузишни таклиф қилди. Бу таклиф техно-гигантлар етакчилари томонидан маъқулланган. Meta ва Google'нинг ўзи ҳозирча ушбу баёнот юзасидан изоҳ бермади.
Олимларнинг таъкидлашича, дунё бўйлаб мувофиқлаштирилган тартибга солиш тизими — СИ пойгаси хавфсизлик ва назорат қилиш воситаларини ортда қолдириб кетмаслиги учун зарурдир.
Баёнот матни ва уни имзолаган 1200 дан ортиқ мутахассислар рўйхати билан Pacing the Frontier деб номланган махсус веб-сайтда танишиш мумкин.











