Астана полицияси «Қозоғистон шаънига бузғунчи ва провокацион баёнотларга йўл қўйган, хусусан, Қозоғистон шаҳарларининг ҳудудий яхлитлиги ва давлатга мансублиги борасида шубҳа билдирган» чет эл фуқароси депортация қилингани ҳақида хабар берди. Ушбу қиз Қозоғистон фуқаролари, мамлакат маданияти ва анъаналарига нисбатан «камситувчи стереотиплар»га йўл қўйгани таъкидланган.
Қайд этилишича, полиция унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини мониторинг қилиш пайтида «провокацион» изоҳларни аниқлаган. Унга нисбатан маъмурий иш очилган, жарима тайинланган, мамлакатдан чиқариб юборилган ва унга беш йил давомида Қозоғистонга кириш тақиқланган.
Полиция ушбу хорижликнинг айнан қандай баёнотлари унга қарши маъмурий иш қўзғатилишига сабаб бўлганига аниқлик киритмаган. Azattyq Asia нашри ёзишича, у Астана марказида одамлар «вигвамларда (ҳиндулар чодири) яшаши, отда юриши керак», деб айтган. Бошқа бир эфирда эса қозоғистонликларни рус тилини билмагани учун «сассиқ» деб атаган.
РИА Новости маълумотига кўра, гап стример Ксения Гузаева (Fasoollka) ҳақида кетмоқда. У ўз стримларида Қозоғистонни «Штрафостан», Астанани «қишлоқ» деб атаган ва «Павлодар бизники» деган. «У бизникидек эшитилади, у Қозоғистонники бўлиши мумкин эмас. Унда нега Павлостан эмас?» – дейди у.
Twitch’да 360 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган Гузаева Қозоғистонга июн ойи бошида келган. У ўз телеграм-каналида депортация қилинганини тасдиқлаб, сўнгги бир ҳафта ичида уч марта полицияга борганини таъкидлади. Ўзининг айтишича, сўнгги мартасида ярим кунни тергов ҳибсхонасида ўтказган.
Мени «штрафостан» ва «лагостан» ҳақидаги ҳазилларим учун суд қилишди. Натижа: менга 85 минг тенге (тахминан 15 минг рубл) миқдорида жарима белгиланди. Мени депортация қилишганини қачон билдим? Аэропортда, рўйхатдан ўтиш жойида. Мени депортация мавзусида суд қилишмади ва ҳукм чиқаришмади, шунчаки постфактум депортация қилишди.
Ксения Гузаева ҳафта давомида ўзига нисбатан ҳақорат ва таҳдидлар бўлганини ҳам айтган. У постга шундай хабарларнинг скриншотларини илова қилган ва ўз манзили «биринчи куниёқ» тармоқда тарқалиб кетганини қўшимча қилган.







