Apple’нинг собиқ бош дизайнери Жони Айв билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган OpenAI’нинг илк қурилмаси ҳақида янги тафсилотлар маълум бўлди. Bloomberg нашрининг ёзишича, бу тахминан ҳоккей шайбаси катталигидаги, дисплейсиз ихчам ақлли колонка бўлади. Янги маҳсулот “пончик”ни эслатувчи ғайриоддий шаклга эга бўлиб, унинг нархи 300–400 доллар атрофида бўлиши кутилмоқда.

Ушбу қурилма ChatGPT’нинг жисмоний мужассамланиши сифатида яратилмоқда. У микрофон ва динамиклар орқали овозли мулоқотни қўллаб-қувватлайди, илғор сунъий интеллект моделлари эса мулоқотнинг максимал даражада табиий бўлишини таъминлайди. Вақт ўтиши билан тизим ўз эгасини яхшироқ таниб, унинг одатларига мослашиб боради.

Гаджетнинг асосий хусусиятларидан бири корпусининг ҳаракатланувчи элементлари бўлади. Улар ўз ҳолатини ўзгартириб, қурилманинг фойдаланувчига жавоб бераётганини ёки бирор амални бажараётганини кўрсатиб туради. Буни колонканинг буйруқларни тинглаётганини билдирувчи ёруғлик индикаторлари тўлдиради.

Манбаларга кўра, янги қурилма атроф-муҳитни идрок этиши учун камера ва датчиклар тўплами билан ҳам жиҳозланади. Ўрнатилган аккумулятор туфайли уни хонадан хонага бемалол олиб юриш мумкин бўлади, корпуси эса премиум пардозли металлдан ясалади.

Девайснинг ташқи кўриниши учун Жони Айв ва унинг LoveFrom дизайн-студияси масъул. OpenAI “io” стартапини сотиб олгач, лойиҳага Apple’нинг бир нечта собиқ дизайнерини жалб қилди.

Янги тафсилотлар Apple ва OpenAI ўртасидаги суд жараёни фонида пайдо бўлди. Купертиноликлар компанияни аппарат маҳсулотларини ишлаб чиқишда тижорат сирларидан фойдаланганликда айбламоқда, бироқ OpenAI бу айбловларни рад этяпти. Компания вакиллари “Apple’да мавжуд бўлган ҳар қандай маҳсулотдан мутлақо янги ва фарқли” нарса яратаётганини таъкидлади.

Рақобатчилар билан таққослаганда, бу қурилма анча қиммат бўлади. Таққослаш учун, Amazon ақлли колонкаларининг аксарияти 40 доллардан 240 долларгача туради. Шу билан бирга, мутахассислар бундай қурилмалар бозори анча вақтдан бери мураккаб ҳисобланишини ва ишлаб чиқарувчиларга ҳар доим ҳам фойда келтиравермаслигини таъкидламоқда.

Гаджетнинг расмий тақдимоти шу йил кутилмоқда, сотувлар эса сўнгги маълумотларга кўра, 2027 йилда бошланиши керак. Бу OpenAI аппарат маҳсулотлари оиласининг биринчи қурилмаси бўлиши тахмин қилинмоқда.