Энергетика вазири ишдан олинди: электр таъминоти тизими “нолдан ислоҳ қилиниши” айтиляпти. Ўзбекистон ва Қирғизистон энди иттифоқчилар: 5 кунлик муддат 15 кунга узаяди, ўтказиш пунктлари 15 тадан 30 тага етади. Ҳамма ҳужжатинг жойида, лекин барибир хўрланасан: Россияда ўзбек муҳожирлар яна таҳқирланди. Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид энг долзарб мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Президент энергетика тизими ҳақида: “Одамлар мутлақо норози”

Энергетика вазири лавозимида 4 йил ишлаган Жўрабек Мирзамаҳмудов ишдан олинди. Ўзидан аввалги ҳамкасблари каби, у ҳам соҳадаги асосий муаммоларни узил-кесил ҳал қилолгани йўқ. Электр энергиясидаги узилишлар, метан газ танқислиги, суюлтирилган газ таъминотининг беқарорлиги, кўмирнинг сифатсизлиги, бензин нархининг тўхтовсиз ошиши каби муаммолар ҳали-ҳамон оёғимизга тушов бўлиб турибди.

Мирзамаҳмудов газ қазиб олишдаги муттасил пасайишни тўхтата олмади, оқибатда мамлакатимиз табиий газнинг соф импортёрига айланди ва илк марта Россиядан газ сотиб ола бошладик. Нефт маҳсулотлари бўйича ҳам Россияга боғлиқлигимиз йилдан йилга ошиб боряпти. Россия билан ҳамкорликда АЭС қурилиши бошланиши ҳам, муқаддам “Ўзатом” агентлигини бошқарган Мирзамаҳмудовнинг вазирлик даврига тўғри келди.

Архив фото

У ўтган 4 йил мобайнида эришган асосий ютуқ – электр энергияси ишлаб чиқаришдаги жиддий ўсиш бўлди. Айниқса, қуёш ва шамол генерацияси бўйича кўплаб йирик лойиҳалар ишга туширилиши натижасида, Ўзбекистон электр энергияси бўйича ўз эҳтиёжини ортиғи билан қоплай оладиган даражага чиқди. Бу жуда яхши албатта, лекин оддий истеъмолчи учун энг муҳими – таъминотнинг барқарорлиги. Свет ўчган пайти бунинг сабаби тизимдаги энергия танқислигими ёки тармоқлар қизиб кетиши – истеъмолчига фарқи йўқ. У ҳар йили ошаётган тарифларда пулини олдиндан тўлаб қўйган, уёғи – таъминотчининг вазифаси.