Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шов-шувли “Guangzhou” иши: клиникада ишлаган хитойлик ота-ўғил жаримага тортилди
3,5 йил олдин жиноят иши қўзғатилган “Guangzhou” клиникасидаги фирибгарлик доирасида у ерда шифокор бўлиб ишлаган Хе Кианг ва унинг ўғли Хе Фенгга суд ҳукми ўқилди. Суд 100 нафар фуқарони чув туширган ота-ўғилни “гарчи оғир жиноятларни содир этган бўлса-да, кимёвий эмас, гиёҳлардан тайёрланган дориларни ўтказганини инобатга олиб, жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин” деган қатъий хулосага келган. Суд ҳукми билан ота ва ўғилга жарима жазоси тайинланди.
Фото: “Guangzhou” клиникаси
“Guangzhou” иши доирасида хитойлик Хе Кианг ва унинг ўғли Хе Фенг жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, қидирувда бўлган Хе Кианг 2024 йил 19 декабрда, Хе Фенг эса 2024 йил 27 ноябрда Қозоғистонда ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Ота ва ўғил 2020 йил ноябридан Тошкент шаҳридаги “Guangzhou Medical of China” клиникасида шифокор бўлиб ишлаб келган.
Хе Кианг ва Хе Фенг тиббий усулдан фойдаланмаган ҳолда ташхис қўйиб, игна санчиш муолажаси ва махсус дори воситалари ёрдамида касалликдан тузалиб кетишини айтган ҳолда фуқароларга сифатсиз дори воситаларини алдов йўли билан ўтказган. Сўнгра беморлар томонидан амалга оширилган тўлов пулини ўзаро тақсимлаб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Жумладан, Хе Кианг ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида “Guangzhou” клиникасига мурожаат қилган Б.Н.га игна санчиш муолажаси ва махсус дори воситалари ёрдамида касалликдан тузалиб кетишини айтиб, сифатсиз дори воситаларини алдов йўли билан ўтказган. Ундан олинган 5 млн 550 минг сўмни эса шахсий эҳтиёжларига сарфлаган.
Ота ва ўғил айни шу шаклда 100 нафар фуқарони алдаб, уларнинг турли миқдордаги пулларини қўлга киритиб, ўзаро тақсимлаб олган.
Хе Кианг судда айбига иқрорлик билдирган.
“2020 йил ноябр ойида ўғлим Хе Фенг билан бирга Тошкент шаҳрига, яъни танишларим Ли Жун Чао ва Жао Дан томонидан ташкил этилган “Guangzhou Medical of China” клиникасида ишлаш учун келдик. Клиникада мен ва ўғлимдан ташқари яна 4 нафар хитойлик ва ўзбек миллатига мансуб ходимлар ҳам ишлаган. Клиника яқинида бўлган кўп қаватли уйдан ижарага хонадон олиб, ўғлим билан яшадик.
Клиникани Ли Жун Чао ва Жао Дан бошқарган. Менинг вазифам клиникага келган беморларга игна санчиб даволаш бўлган. Шунингдек, мен келган беморларни хитой халқ табобати орқали даволаш мақсадида уларга турли дори воситаларни тавсия асосида ёзиб берганман. Мазкур усул билан даволаш ва ушбу фаолият билан шуғулланиш учун менда тегишли сертификат бўлган. Бажарган ишларим учун ҳар ойда 1 300 доллар маош олганман.
Клиникада тахминан 2021 йил июл-август ойларига қадар ишлаб келдим. Сўнгра Жао Дан маошимни вақтида бермагани сабабли клиникадан кетдим. 2022 йил тахминан март-апрел ойларида ўғлим билан бирга Хитойга қайтиб кетдик”, деган у суддаги кўрсатмасида.
Шунингдек, Хе Кианг ҳақиқатан ҳам клиникада ишлаши даврида беморларга табиий ўтлардан тайёрланган хитой табобатининг дориларини тавсия қилиб, бериб келганини, лекин жабрланувчиларнинг ҳаммаси билан гаплашмаганини айтган. У етказилган моддий зарар қоплангани, беморларга заҳарли ёки кимёвий дориларни бермаганини маълум қилиб, суддан енгиллик сўраган.
Хе Фенг ҳам судда отасиникига ўхшаш кўрсатма берган.
Судда жабрланувчиларнинг барчаси турли касалликлар билан “Guangzhou” клиникасига мурожаат қилгани, бироқ даво топмагани ҳақида айтган.
“2021 йил 14 июл куни автоҳалокатга учраб, бўйним синди, қўл ва оёқларим уюшадиган бўлиб қолди. Жарроҳлик операциясини амалга оширган шифокор ҳар 6 ойда игна-терапия муолажасини олишим кераклиги ҳақида айтди. Телевизор орқали хитойлик мутахассислар ишлайдиган ва игна-терапия муолажаларини амалга оширадиган “Guangzhou” клиникаси ҳақида хабар топдим. 2021 йил 1 август куни ушбу клиникага бордим. Дастлабки кўрик учун 50 минг сўм тўладим. Мени хитой миллатига мансуб ёши каттароқ шифокор кўрикдан ўтказди. Суҳбатимизни таржимон таржима қилиб турди.
Хитойлик шифокор менга касалликни даволаш учун табобат усулида дори-дармонлар тайёрлаб беришини ҳамда игна-терапия муолажаси амалга оширишини айтди. Дорилар нархи 2,5 млн сўм экан. Тўлов қилдим. Менга икки дона полиэтилен пакетда қора думалоқ дори, 10 дона яшил рангдаги капсула, 10 дона целлофан пакетдаги суюқлик беришди. Дориларнинг ҳаммасини ўз вақтида ичдим, 3 кун давомида игна-терапия муолажасига қатнадим. Ушбу клиникадан умуман шифо топмадим, аксинча, мени алдаб, пулимни олишди”, деган жабрланувчилардан бири ўз кўрсатмасида.
Яна бир жабрланувчи эса 2012 йилда туғилган фарзандини тутқаноқ тутиши сабабли “Guangzhou” клиникасига олиб борганини, бироқ фарзанди шифо топмаганини, алдаб 10,3 млн сўм пулини олишганини маълум қилган.
Суд Хе Кианг ва Хе Фенг “гарчанд оғир жиноятларни содир этган бўлса-да, улар инсон соғлигига жиддий хавф солувчи кимёвий дориларни эмас, балки табобат йўли билан гиёҳлардан тайёрланган дориларни ўтказганини инобатга олиб, тайинланган жазо келгусида ҳолатини оғирлаштириб қўймаслигини таъминлаш мақсадида, уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин” деган қатъий хулосага келган. Шу сабабли “қонуннинг одиллик, инсонпарварлик ва айб учун жавобгарлик принципларига риоя қилиб”, Хе Кианг ва Хе Фенгга жарима жазосини тайинлашни лозим топган.
ЖИБ Бектемир туман судининг 2025 йил 29 августдаги ҳукми билан Хе Кианг ва Хе Фенг Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди ва 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 2-қисми “б, в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда Хе Киангга БҲМнинг 123 баравари (33 млн 210 минг сўм), Хе Фенгга БҲМнинг 112 баравари (30 млн 240 минг сўм) миқдорида жарима жазоси қўлланган. Жаримани давлат фойдасига ундириш белгиланган.
Шунингдек, ота ва ўғилга қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинган ва суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси қўлланган ҳолда улар дарҳол суд залида қамоқдан озод этилган.
Жабрланувчиларга етказилган жами 381 млн 402 минг сўм моддий зарарни Тошкент шаҳар ИИББнинг депозит ҳисобрақамида сақланаётган, дастлабки терговда Жао Дан томонидан тўланган 300 млн сўм ҳамда “Guangzhou Medical of China” МЧЖда ўтказилган тинтув давомида олинган 107 млн сўм ҳисобидан қоплаш белгиланган.
Жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувига олинган. Бу бўйича гумонланувчиларга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, “Guangzhou” клиникаси мансабдорларига нисбатан 2022 йил апрел ойида жиноят иши қўзғатилган. Ўшанда клиникада беморларни алдаб, уларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дорилар 2-3 млн сўмга пуллаб келинаётгани ҳақида видеолар тарқалганди.
Мавзуга оид
22:21 / 02.12.2025
Европа дипломатияси собиқ раҳбари Федерика Могерини қўлга олинди
14:30 / 25.11.2025
Автомобилни сотишда юрган масофасини яширганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
08:20 / 24.11.2025
Ҳакамлик суди судьясига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
18:25 / 21.11.2025