Франция президенти Эммануэл Макрон Москва 300 мингга яқин кишини сафарбар қилиши мумкинлиги ҳақидаги сценарийни ишонарли деб ҳисоблашини билдирди. DW хабарига кўра, у бу ҳақда 24 сентябр, пайшанба куни TF1 ва France 2 телеканаллари эфирида гапирган.

«Улар ўз сайловларини кутишди. Сайловлар ўтди ва бугун Россия бу ишни амалга ошириши аниқ», — деди Макрон. У 18–20 сентябр кунлари Россия Давлат думасига бўлиб ўтган сайловларни назарда тутган.

Франция президентининг қўшимча қилишича, Москва сафарбарликни расман эълон қиладими ёки уни яширин тарзда ўтказадими — ҳозирча номаълум.

Макрон Россия бундай қадамга тайёргарлик кўраётганини кўрсатувчи бир нечта белги кузатилганини айтди. АҚШ, Европа ва Украина разведкаларининг маълумотларига муносабат билдириб, у: «Бу бизга ишонарли бўлиб кўринаётган сценарий», — дея таъкидлади.

Европада душманлик ҳаракатлари кўпайган

Макроннинг айтишича, сўнгги ҳафталарда Европа бўйлаб душманона ҳаракатлар сони ортган. У ўтган ҳафта сиёсий кучлар вакилларини йиғиб, уларни таҳдиднинг кучайиши ва бунинг Франция учун оқибатлари ҳақида огоҳлантирганини маълум қилди.

Франция президентининг фикрича, Москва европаликлар Киевга ёрдам бераётгани сабабли Европани Украинанинг стратегик орқа ҳудуди деб ҳисоблайди. У Украина Россияни урушни тўхтатишга мажбур қилиш мақсадида унинг нефтни қайта ишлаш заводлари ва бошқа объектларига зарбалар бераётганини ҳам қайд этди.

«Шу сабабли Европа нишонга айланиши мумкин», — деди Макрон.

Унинг таъкидлашича, ҳужумлар ахборот майдонида ёлғон маълумотларни тарқатиш орқали, шунингдек, кибермаконда ҳам амалга оширилмоқда.

Франция муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш режасини тайёрламоқда

Макрон 18 сентябр куни Россия томонидан гибрид ҳужумлар хавфи ортиб бораётгани фонида Франция ўта муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқаётганини маълум қилган эди.

Хабарда қайд этилишича, аввал Россия сайловларга аралашиш ва мигрантлардан Европага босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланишда айбланган бўлса, энди Европа махсус хизматлари диверсиялар, қасддан ўт қўйиш, муҳим инфратузилмага ҳужумлар ва ҳаво ҳудуди бузилиши ҳолатларида ҳам Россиянинг эҳтимолий иштирокини текширмоқда.