Ўзбекистон | 23:42 / 10.07.2024
21118
3 дақиқада ўқилади

“Авто 60 ой” раҳбари сифатида танилган Жамшид Баҳодиров 9 йил-у 8 ойга озодликдан маҳрум этилди

У ва “Xumo vines” номи билан танилган вайнер юзлаб одамларни "қулай шартларда автомобил олиб бериш"га ишонтириб бир неча млрд сўмга чув туширган. Жамшид Баҳодиров аввалроқ 44 млрд сўмдан ортиқ зарарга эга фирибгарлик ишида ҳам 8 йилга қамалиб, 12 млрд зарари қопланмай туриб "намунали хулқи" учун 3 йилда озодликка чиқиб келганди. Бу гал у жазони қаттиқ тартибли калонияда ўтайдиган бўлди.

Фото: Kun.uz

Аввалроқ, 400 га яқин фуқарони чув туширган “Xumo house car” иши судга оширилгани, жиноий гуруҳ аъзолари орасида “Авто 60 ой” иши бўйича 8 йилга қамалиб, бор-йўғи 2 йил-у 10 ой “ўтириб” чиққан Жамшид Баҳодиров ҳам борлиги ҳақида хабар бергандик.

2024 йил 9 июл куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида “Авто 60 ой” МЧЖ раҳбари Жамшид Баҳодиров, “Xumo vines” номи билан танилган блогер Ҳумоюн Махамаджонов ва “Медиа+24” МЧЖ раҳбари Абдуллоҳ Алимжоновга суд ҳукми ўқилди.

Унга кўра, Жамшид Баҳодиров Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “в” банди (Фирибгарлик) ва 243-моддасида (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2021 йил 29 мартдаги ҳукми билан тайинланган ва ўталмай қолган жазони қисман қўшиш йўли билан Жамшид Баҳодировга 9 йил 8 ой озодликдан маҳрум қилинган. Жазо қаттиқ тартибли калонияларда ўталиши белгиланган.

Абдуллоҳ Алимжонов эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “в” банди (Фирибгарлик) ва 243-моддасида (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳумоюн Махамаджонов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “в” банди (Фирибгарлик) ва 243-моддасида (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилган ва 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, айбдорлардан жабрланувчилар ва фуқаровий даъвогарларнинг фойдасига етказилган зарарлар ундириш белгиланган.

Жамшид Баҳодиров “Авто 60 ой” раҳбари сифатида танилган. У мазкур иш доирасида минглаб одамлар бир неча ўн млрд сўмга чув туширганди. Тергов маълумотига кўра, ўшанда “Авто 60 ой” МЧЖ таъсисчиси ва бошқа мансабдорлари фуқароларга фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автотранспорт олиб беришни ваъда қилиб, одамлардан транспорт воситаси турига қараб 2 млн сўмдан 10 млн сўмгача пул олган. Улар 16 мингдан ортиқ мижоздан жами 57 млрд 412 млн сўм йиғишган.

Катта шов-шувларга сабаб бўлган ишда Жамшид Баҳодиров ва унинг жиноий шериклари суднинг 2021 йил 29 мартдаги ҳукми билан 6 йилдан 8 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Бироқ Жамшид Баҳодиров 3 йилга қолмай очиққа чиққан. У манзил колонияда “ўзини яхши тутгани ва тузалиш йўлига ўтгани учун” ижобий тавсифнома олган ҳамда ўталмай қолган 5 йилдан кўпроқ муддати ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Шунингдек, “Авто 60 ой” иши бўйича етказилган зарарнинг 12 млрд 905 млн сўми ҳали ундирилмаганлиги аниқланган.  

Мавзуга оид