Буюк Британия ташқи ишлар вазири, собиқ бош вазир Дэвид Кэмерон Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистонга ташриф доирасида Ўзбекистонга ҳам келиши кутилмоқда. Ташриф олдидан у ўз мақоласида ҳамкорликни янги даражага кўтарадиган устувор йўналишлар ҳақида ёзди.

Мен 2013 йилда Марказий Осиёга ташриф буюрган биринчи Буюк Британия бош вазири бўлган эдим. Қозоғистоннинг Остона ва Ўтрор шаҳарларида қадим маданиятга эга бўлган ушбу ёш мамлакат ўз иқтисодиёти ва жаҳондаги ўрнини қанчалик тез ўзгартираётгани мени ҳайратга солган эди. Ва мен мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қарор қилдим.

Бу ҳафта мен Марказий Осиёнинг барча бешта давлати ва Мўғулистонга ташриф буюрган илк Буюк Британия ташқи ишлар вазири бўламан — «Катта еттилик»ка кирувчи ҳамкасбларим орасида ҳам бундай миқёсдаги ташрифни амалга оширганлар кўп эмас.

Ўзига хос ноёб меросга эга ушбу олтита мамлакат ҳозир ҳам жадал ўзгаришларни бошдан кечиришда давом этмоқда. Улар ўз суверенитети ҳимоя қилинишини ва чегаралари дахлсизилиги ҳурмат қилинишини истайдиган мустақил давлатлардир. Мен уларнинг ҳар бири билан барчамизга фойда келтирадиган янада мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатишни истайман.

Ҳамкорлигимиз доирасида кўплаб ютуқларга эришганмиз. Инглиз тили, ҳуқуқи ва таълим тизими Остона Халқаро молия маркази ва Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети каби муваффақиятли муассасаларнинг асосида турибди.

«Rio Tinto», «Shell» ва «BAE» каби компанияларнинг сармоялари йирик лойиҳаларга ҳисса қўшиб, иш ўринлари яратди ва иқтисодий ўсишни рағбатлантирди. Биз Марказий Осиё тоғларидан Покистонга гидроэнергетика олиб келишга ёрдам бермоқдамиз. Улан-Батордаги тўртта буюк ижодкорларни улуғлайдиган «The Beatles» ҳайкали олдида ўн йиллар олдин мўғул ёшлари тўпланишарди, дастлаб бу ерда тақиқланган ғарб поп мусиқаси муҳокама қилинган бўлса, кейинроқ демократия томонга бурилиш шу ерда бошланган.

1990 йилларда ушбу минтақадан Буюк Британияга етиб борган энг эсда қоларли «экспорт», ўша пайтдаги бош вазиримизга меҳр билан совға қилинган, кейинчалик пойга ва кўргазма отига айланган Максат туркман айғири эди. Бугунги кунга келиб, ўтган йилнинг ўзида Марказий Осиёдан ўн минглаб одамлар бизнинг кенгайтирилган Мавсумий ишчилар дастуримиз бўйича Буюк Британияга ишлаш учун кетишди. «Air Astana», «Uzbekistan Airways» ва «Turkmenistan Airlines» ҳар ҳафта Лондонга бир нечта рейсларни амалга оширади. «Мўғул Хони» спектакли эса Лондоннинг «West End» театрида томошабинларни ҳайратда қолдирди.

Ҳозир эса яна олдингга қадам ташлаш вақти келди. Биз ҳозирда хавфлироқ ва ноаниқлик кучайган бир дунёда яшаяпмиз. Катта геосиёсий рақобатлар дунёнинг ушбу қисмидаги мамлакатлар учун маълум бир муаммоларни келтириб чиқаради. Қозоғистон ва Мўғулистондаги кучли сув тошқинлари — сўнгги йилларда чўлда тез-тез учрайдиган қурғоқчиликдан катта фарқ қиладиган манзаралар — иқлим ўзгаришининг ортиб бораётган хатарлари ҳақида эслатиб туради. Глобал технологик ва иқтисодий ўзгаришлар эса барчамиздан ёшларимизнининг фаровонлиги учун уларни керакли кўникмалар билан таъминлашимизни талаб қилмоқда.