Жаҳон | 09:37 / 28.07.2025
2531
5 дақиқада ўқилади

Ғазонинг айрим ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар ҳар куни 10 соатга тўхтатилади

Исроилга халқаро босим ва танқидлар кучайиб бораётгани фонида расмий Тел-Авив Ғазонинг айрим ҳудудларида ҳарбий ҳаракатларни ҳар куни соат 10:00 дан 20:00 гача тўхтатишини ва янги гуманитар йўлаклар очилишини эълон қилди. Шундан сўнг, инсонпарварлик ёрдами 100 дан ортиқ юк машиналарида чегаралар орқали, 25 тонна ёрдами эса ҳаво орқали Ғазога етказилди.

​​​​​​​Фото: AP

Очликдан қийналаётган фаластинликларнинг тасвирлари жаҳон ҳамжамиятини ларзага солмоқда. Исроил Ғазодаги гуманитар инқироз сабабли тобора кучайиб бораётган халқаро танқидларга дуч келмоқда, бироқ расмий Тел-Авив бу танқидларни рад этмоқда. Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги Доҳа шаҳрида ўтаётган билвосита сулҳ музокаралари эса натижасиз якунланди.

Reuters нашрининг ёзишича, ҳарбий ҳаракатлар ҳар куни, маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан 20:00 гача тўхтатилади. Бу вақтинчалик тинчлик режими Ал-Маваси (Ғазо соҳилларидаги инсонпарварлик ҳудуди), Деир ал-Балаҳнинг марказий қисми ҳамда Ғазонинг шимолий қисмини ҳудудини қамраб олади.

Шунингдек, ҳарбийлар якшанбадан бошлаб ҳар куни соат 06:00 дан 23:00 гача озиқ-овқат ва дори-дармон ташувчи карвонлар учун хавфсиз йўналишлар очилишини маълум қилди.

БМТнинг озиқ-овқат ёрдами агентлиги (WFP) якшанба куни берган баёнотида, Исроилнинг жанговар ҳаракатлардаги паузаларидан самарали фойдаланиш учун юк машиналарининг Ғазога киришига тезкор рухсатлар кераклигини билдирди.

Фото: AP

БМТ гуманитар масалалар бўйича координатори Том Флетчернинг айтишича, якшанба куни Исроил ёрдам ҳажмини бир ҳафта давомида оширишга рози бўлганидан сўнг айрим ҳаракат чекловлари юмшатилган кўринади. Дастлабки хабарларга кўра, 100 дан ортиқ юк машиналари чегаралардан ёрдам ортиб Ғазога йўл олган.

«Бу — бир қадам олдинга, аммо очарчилик ва соғлиқни сақлаш инқирозининг олдини олиш учун жуда катта миқдорда ёрдам керак», — деди Флетчер.

Яқин ойларда илк маротаба Иордания ва БАА Ғазога 25 тонналик ёрдамни парашют орқали етказди, дея маълум қилди иорданиялик расмий. Бироқ бу ҳаво ташувларини ер орқали етказиб беришга муқобил деб бўлмайди.

Исроил армиясининг маълумот беришича, БАА томонидан қўшни Мисрда қурилган туздан тозаланган сув иншоотидан соҳил бўйлаб 600 мингга яқин ғазоликларни таъминлайдиган қувурни тортиш бўйича лойиҳа яқин кунларда бошланади.

Ҳамас назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги ҳафталарда ўнлаб фаластинликлар очликдан ҳалок бўлган. Фақат сўнгги 24 соат ичида очлик ва етарли овқат йўқлиги сабабли яна 6 киши вафот этган. Уруш бошланган 2023 йилдан буён бундай ҳолатлар бўйича жами 133 киши ҳалок бўлган, улардан 87 нафари болалар.

Миср Қизил Ярим Ой жамияти якшанба куни Ғазонинг жанубий қисмига 1200 тоннадан ортиқ озиқ-овқат юкланган 100 дан ортиқ юк машинасини юборганини билдирди. Бироқ маҳаллий аҳолига кўра, бу машиналарнинг айримлари Ғазо ичкарисидаги Хон-Юнус ҳудудида талон-торож қилинган.

Ёрдам ташкилотлари ўтган ҳафта Ғазодаги 2,2 миллион аҳоли орасида оммавий очлик мавжудлигини эълон қилган эди. Халқаро ҳамжамиятда гуманитар вазият борасида хавотир кучаймоқда. Ўтган ҳафта Британия, Франция ва Канада жумладан 25 та давлат Исроилнинг ёрдамни рад этишини «қабул қилиб бўлмас ҳолат» деб баҳолади.

Фото: AP

Март ойидан бошлаб Исроил Ғазога ёрдамни тўхтатган эди — бу орқали ҲАМАСдан гаровга олинганларни озод қилишга босим ўтказишга уринганди. Май ойида эса ёрдамни чекловлар билан қайта очган.

Нашрнинг ёзишича, кўплаб ғазоликлар якшанба кунги эълонга нисбатан бир оз енгиллик ҳис қилган, аммо асосий талаб — урушнинг якунланиши. «Кўп миқдорда озиқ-овқат ёрдами Ғазога кираётгани одамларни хурсанд қилмоқда. Умид қиламизки, бу кун бу урушни тўхтатиш йўлида биринчи қадам», деган Reuters суҳбатдошларидан бири.

АҚШ президенти Доналд Трамп Шотландиядаги ташрифи чоғида Исроил Ғазода кейинги қадамлар ҳақида қарор қабул қилиши кераклигини айтди. Унга кўра, ҲАМАС билан сулҳ ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича музокаралар инқирозга юз тутганидан кейин нима бўлишини у билмайди.

Бош вазир Бенямин Нетаняҳу баёнот бериб, «Исроил сулҳ бўлсин ёки уруш давом этаётган бўлсин, инсонпарварлик ёрдамининг киришига рухсат беришда давом этади,» — деди ва ҳарбий ҳаракатлар «тўлиқ ғалаба» қозонилгунча давом этишини билдирди. ҲАМАС расмийси Али Барака эса Исроил қилаётган ишлар инсонпарварлик сулҳи эмас, балки ҳарбий ҳаракатларнинг ўзи эканини айтган.

2023 йил 7-октябрдан буён Исроилнинг Ғазода урушида деярли 60 000 киши ҳалок бўлган (асосан тинч аҳоли), инфратузилма вайрон қилинган ва аҳоли деярли тўлиқ кўчирилган. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид