18:20 / 10.06.2024
3639

Кўп энергия сарфлайдиган компаниялар ҳар 3 йилда энергия аудитидан ўтади

Янги тизимга кўра, йилига камида 4 млн киловатт электр ёки 375 минг куб метр газ сарфлайдиган йирик истеъмолчилар ҳар 3 йилда энергия аудитидан ўтиши керак бўлади. Энергия аудити фақат халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилади. Аудитдан ўтмаган корхоналар билан газ ва электр учун оширилган тарифда ҳисоб-китоб қилинади.

Фото: Энергоинспекция матбуот хизмати

10 июн куни президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида энергия самарадорлиги, кўп қаватли уйларни бошқариш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда бундан буён илғор тажриба асосида соҳа ва тармоқларда энергия самарадорликни баҳолаш бўйича янгича тизим амал қилиши белгиланди. Бунда:

  • йилига камида 4 миллион киловатт электр ёки 375 минг куб метр газ сарфлайдиган йирик истеъмолчилар ҳар 3 йилда энергия аудитидан ўтади;
  • Энергоинспекция ҳар йили йирик истеъмолчилар рўйхатини эълон қилиб боради;
  • аудитдан ўтмаган корхоналарга газ ва электр оширилган тарифда етказилади.

Мутасаддиларга йил якунигача янги тизим билан боғлиқ техник регламент ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш топширилди.

Маълумот учун, президент ҳузуридаги 30 май кунги йиғилишда истеъмолчиларни энергия аудитидан ўтказишнинг янги тартиби жорий этилиши белгиланган эди. Унга кўра, энергия аудити фақат халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилади. Аудит асосида ташкилот ва корхоналар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва уларнинг ижроси назорат қилинади.

Top