Ижтимоий тармоқларда 25 октябр куни тунги пайтда тарқалган видеолар ортидан Экология вазирлиги Давлат экологик назорат инспекцияси ходимлари ўрганиш ўтказди. Ўрганиш натижасига кўра, Яккасарой туманидаги Нукус ва Бобур кўчалари атрофида автомобил йўли бўйлаб жами 174 туп дарахт ва бута кесилгани аниқланди.
Вазирлик маълумотига кўра, ҳолат юзасидан тегишли баённомалар расмийлаштирилган ва табиатга етказилган зарар 1,46 миллиард сўм этиб баҳоланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу воқеани шахсан назоратга олган: айбдор мутасаддиларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилиши, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Экология вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб борилиши маълум қилинди. Барча ҳужжатлар белгиланган тартибда прокуратура органларига юборилган. Шунингдек, барқарорликни таъминлаш мақсадида кесилган ўсимликлар ўрнига 62,1 минг дона бута ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган.











