Ўзбекистонда газлашмаган ва табиий газ етиб бориши қийин ҳудудларда аҳоли учун электр энергиясининг базавий меъёрини амалдаги 200 kWh'дан иситиш мавсумида 350 kWh'га кўтариш таклиф этилмоқда. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Kun.uz мухбири 14 октябр кунги матбуот анжуманида нега айнан 350 kWh илгари сурилаётгани, меъёрни 500 kWh'гача ошириш масаласи кўрилгани ёки йўқлиги ҳақида сўради.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев танланган таклиф учун иккита сабабни келтирди:

“Ҳозирги кунда эҳтиёжманд оилалар учун 200 kWh'дан кейин яна 150 kWh'гача энергия истеъмолининг базавий нарх билан фарқи Ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан қоплаб берилади. Айнан шу кам таъминланганларга берилган ҳуқуқдан келиб чиқиб, [газлашмаган ҳудудлар учун иситиш мавсумида] 350 kWh кўзда тутилмоқда.

Иккинчи сабаби, биз ҳар бир газлашмаган ҳудудда ҳар бир хонадон бўйича қиш пайтида электр энергияси сарфини таҳлил қилдик. Унга асосан, газлашмаган ҳудудларда яшовчи 60 фоиз аҳоли қиш пайтида ойига 300 kWh'гача электр энергиясидан фойдаланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, бир ойлик базавий меъёр сифатида 350 kWh белгилаш таклиф қилиняпти”.

Kun.uz мухбири чегирма татбиқ этиладиган аҳоли доираси ҳақида ҳам сўради.

“Ҳозирги кунда табиий газ олмайдиган хонадонлар сони 4 миллионга яқин, улар суюлтирилган газ олади. Бундан ташқари, газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда 600 мингдан кўпроқ истеъмолчи мавжуд – уларга қиш пайтида газ бир маромда берилмайди: мисол учун, газ бугун бўлиши мумкин, эртага пасаяди, учинчи куни яна бўлмайди. Шундан келиб чиқиб улар учун ҳам электр энергиясининг базавий нормасини иситиш мавсумида 350 kWh этиб белгилаш таклиф этилган”, деди вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда аҳолининг ойига 200 kWh'гача истеъмоли 650 сўмдан, 201–500 kWh оралиқдаги истеъмол эса 900 сўмдан тарификация қилинади.