Ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таништиради.
Қишлоқ хўжалигига таъсир. Ҳафта бошидаги ёғингарчилик айниқса водий ва тоғолди ҳудудларида тупроқ намлигининг ошишига хизмат қилиши ва кузги дала ишларига тўсқинлик қилиши мумкин. 14 октябрдан кейин кутилaётган қуруқ ва илиқ об-ҳаво дала ишларини давом эттириш учун қулай шароит яратади. Шу билан бирга, тунги ҳароратнинг пасайиши, айниқса тоғли ҳудудларда иссиқсевар экинлар ва кечки ҳосилни совуқдан асрашга эътибор қаратишни талаб этади. Суғориш заруратини эса тупроқ намлиги ва экинларнинг ҳолатига қараб белгилаш мақсадга мувофиқ.
Об-ҳаво ва саломатликка таъсир. Ҳафта бошидаги булутли ва ёғинли кунлардан кейин кундузги ҳарорат кўтарилади, бироқ тунлари салқинлик сақланади. Бундай ҳароратга мослашиш учун мавсумга мос кийиниш, етарлича ухлаш ва жисмоний фаолликни сақлаш муҳим. Антициклон таъсирида шамол сусайган айрим ҳудудларда, хусусан Тошкент ва водийда ҳаво сифати ёмонлашиши мумкин. Чанг ва майда заррачалар кўпайган пайтларда сезгир аҳоли гуруҳлари ҳаво сифати ҳақидаги маълумотларни кузатиб бориши ва тегишли санитария тавсияларига амал қилиши лозим.












