Ўзбекистон | 13:04
5535
2 дақиқада ўқилади

ППХ ходимини 14 ёшли қизга шилқимлик қилганликда айблаган йигит қамалди

Суд 18 ёшли йигит ва унинг икки шеригини майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш ҳуқуқбузарликларини содир қилган деб топди. Уларга 7 суткадан маъмурий қамоқ тайинланди.

Оҳангарон шаҳрида ППХ ходимини педофилияда айблаб, ёлғон ахборот тарқатган 18 ёшли йигит маъмурий жазога тортилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов хабар берди.

Маълум қилинишича, йигит ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеосида ички ишлар ходимини вояга етмаган қизнинг номусига тегганликда айблаган. У ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ички ишлар биносига чақиртирилганда ИИБ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай, жанжал кўтарган.

Суриштирув давомида йигит интернетда тарқатган маълумотлари ёлғонлигини тан олган.

ЖИБ Оҳангарон шаҳар судининг қарори билан йигит ва унинг икки шериги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (майда безорилик), 194 (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаларида (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилган. Уларга 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Қўшимча қилинишича, йигитга нисбатан ички ишлар органи ходимини қасддан обрўсизлантириш, ёлғон ахборот тарқатиш ҳамда гуруҳ бўлиб транспорт воситасига шикаст етказиш ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Оҳангарон шаҳрида ППХ ходими 14 ёшли қизни дугонаси билан бирга тоғли ҳудудга олиб бориб, уларга шилқимлик қилгани айтилганди. 14 ёшли йигит қизнинг акаси эканини айтиб, ходимни педофилияда айблаган. Ҳолатни ўрганган Тошкент вилояти ИИББ бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилганди. Шу билан бирга, Болалар омбудсмани ҳолатни назоратга олганини билдирган.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид