Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг музокаралари бўлиб ўтди.
Сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Иордания подшоҳи давлат раҳбарига ташриф билан келишга таклиф қилгани ҳамда Иордания делегациясига кўрсатилаётган илиқ ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.
Дипломатик муносабатлар тарихидаги илк олий даражадаги ташриф икки томонлама ҳамкорликда янги босқични бошлаб бериши ва уни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали амалий ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани, икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегиялари ўхшашлиги қайд этилди.
Етакчилар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик олиб борилаётганини мамнуният билан қайд этиб, ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлашни фаол давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.
Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги конструктив мулоқотни ва идоралар ўртасидаги яқин алоқаларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
Икки томонлама савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга оширишга тайёрлик тасдиқланди.
Кимё ва тўқимачилик саноати, "ақлли" қишлоқ хўжалиги, геология, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, туризм ва бошқа тармоқларда кооперацияни кенгайтиришга келишиб олинди.

Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашини ишга тушириб, жорий йил якунигача уларнинг илк йиғилишларини ўтказиш таклифи билдирилди. Икки мамлакатнинг етакчи компания ва ишлаб чиқарувчилари иштирокида Ўзбекистон–Иордания бизнес форумининг ўтказилиши ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишга хизмат қилади.


















