Иқтисодиёт | 15:25 / 20.08.2025
6651
2 дақиқада ўқилади

80 та тумандаги боғча ва мактабларнинг бўш ерларида боғчалар қурилади

Боғча қамрови паст бўлган 80 та тумандаги боғча ва мактабларнинг бўш ерларида хусусий шериклик асосида боғчалар қуришга рухсат берилади. Тиббиёт туризмини ривожлантириш учун чегара ҳудудларда клиника, реабилитация маркази, меҳмонхона ва лабораторияларни ўз ичига олган тиббиёт кластерлари ташкил этилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президенти тадбиркорлар билан учрашувида хусусий таълим ва хусусий тиббиёт бўйича янгиликларни айтиб ўтди.

Таълимда хусусий сектор учун кенг йўл очиб берилгани ҳисобига охирги 8 йилда хусусий боғчалар сони 31 мингга, мактаблар эса 645 тага етди.

Эндиликда боғча қамрови 70-80 фоиздан паст бўлган 80 та туманда тадбиркорларга енгиллик берилади. Аввало, бу туманлардаги боғча ва мактабларни бўш ерларида хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат берилади.

Бунда тадбиркорлардан ер учун ижара ҳақи 30 йил давомида ундирилмайди, уларга давлат боғчасида ҳар бир болага кўзда тутилган харажатнинг ярми субсидия қилиб берилади.

Ушбу туманлардаги бошқа жойларда боғча ташкил қиламан, деган тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли имтиёзли кредит ажратилади, фаолиятини ўзгартирмаслик шарти билан ер текинга берилади, уларга ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади, тарбиячиларининг маоши уч йилгача тўлаб берилади.

Хусусий тиббиётда тўпланган улкан тажриба, янги технологиялар, малакали кадрлар тадбиркорлар учун бу соҳа жозибадорлигини ошириб, сифатни яхшилашга туртки бермоқда. Буни 7 йилда хусусий клиникалар 3,5 мингдан 8,5 мингтага кўпайганида ҳам кўриш мумкин.

“Сизлар билан бирга Ўзбекистонни минтақадаги юқори технологик тиббиёт хабига айлантиришимизга ишонаман. Бунинг учун яна қандай шароит керак бўлса, барчасини қилиб беришга тайёрман”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Чегара ҳудудларда клиника, реабилитация маркази, меҳмонхона ва лабораторияларни ўз ичига олган тиббиёт кластерлари ташкил қилинади.

Уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 200 миллион долларлик имтиёзли кредит линияси очилади. Бунда тиббиёт кластерларини барпо этган тадбиркорларга 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан 17 фоизли арзон кредитлар берилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид