Жиззах шаҳрида эркак 10 ёшли болани зўрлаб, сўнг ўз жонига қасд қилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2016 йилда туғилган вояга етмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани аниқланган. Ҳолат ҳақида жабрланувчининг яқин қариндоши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган.
Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумон қилинувчи А.Р. процессуал ҳаракатлардан сўнг ўз жонига қасд қилган.
“Айни вақтда ҳолатнинг барча тафсилотлари, жумладан, вояга етмаган болага нисбатан содир этилган ҳаракатларнинг даври, хусусияти ва бошқа ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилмоқда”, дейилади муносабатда.
5 октябр куни вояга етмаган Б.Д.га Жиззах шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан кейс очилиб, бола бирламчи баҳолашдан ўтказилган ва унга психологик хизмат кўрсатиш ташкил этилган.
Қўшимча қилинишича, ҳозирги вақтда бола хавфсиз жойда. Унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда руҳий ҳолатини барқарорлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Ҳолат юзасидан экспертиза тайинланган. Экспертиза хулосаси натижаларидан келиб чиқиб, қўшимча чоралар белгиланиши билдирилган.
















