Қайта-қайта қоидабузарлик қилиши натижасида тўплаган жарима баллари бир йил ичида 12 баллга етган ҳайдовчилар камида 6 ойга, кўпи билан 3 йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилади. Ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган шахс яна рулга ўтирса, бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилади. Тегишли қонун Сенатда маъқулланди.
Ўзбекистон Сенати 24 январ куни маъқуллаган қонун билан, жарима баллари ҳисобланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик юзасидан жавобгарлик белгиланмоқда.
Маълум қилинишича, амалиётда жарима баллари учун транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосининг минимал муддатлари белгиланмаган. Шу сабаб судлар амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан келиб чиқиб, бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 15 беш кундан кам бўлмаслиги керак деб белгилаши мумкин. Бир йил давомида камида 12 та жиддий қоидабузарлик қилган ҳайдовчини атиги 15 кунга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш эса мақсадга мувофиқ эмас.
Шу сабабли янги қонун билан йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошгани учун маъмурий жазо қўлланилганда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг энг кам муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги белгиланмоқда. Энг узоқ муддат – 3 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишни назарда тутади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади. Муҳокамада сенатор Ҳусан Эрматов ҳайдовчиларга боғлиқ бўлмаган вазиятларда юзага келадиган қоидабузарликларнинг жарима балларига таъсири ҳақида сўради:
“Амалдаги қонунчиликда, йўллардаги чизиқлар билан боғлиқ талабларга риоя этмаслик, жумладан светофорнинг тақиқловчи сигналига бўйсунмасдан тўхташ чизиғини босиб кирганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бугун муҳокама қилинаётган қонун қабул қилинадиган бўлса, ушбу қоидабузарлик учун ҳам 12 баллдан ярим балл олиб ташланадиган бўлади. Йўлларда хавфсизликни таъминлаш учун жавобгарлик белгиланаётганини тушунамиз, лекин биз қоидабузарлик деб айтаётган ҳолатлар ҳайдовчиларга мутлақо боғлиқ бўлмаган вазиятларда юзага келишини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Айниқса, ёғингарчилик мавсумида йўллардаги чизиқлар аксарият ҳолларда кўринмайди. Реал ҳолатга қарайдиган бўлсак, пойтахтимиздаги йўлларда ва чорраҳаларда бундай чизиқлар жуда аниқ кўриниб туради, деб айта олмаймиз. Бунинг устига, айнан чизиқлар тортилган жойдаги ўйдим чуқурлар бўлган ҳолатларда ҳам ҳар қандай ҳайдовчи уни четлаб ўтишга мажбур бўлади. Бундай вазиятда ҳар қандай соғлом одам жаримадан кўра чуқурга тушиш қимматроқ тушишини жуда яхши тушунади. Савол шундайки, ана шундай ҳолатда ҳам жарима ёки жарима балларни қўллаш керак, деб ўйлашимиз қанчалик тўғри?








