Сенат ялпи мажлисида йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қонундан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликнинг салбий оқибатларининг олдини олишга хизмат қилувчи янги нормалар ўрин олган.
Жумладан, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қайд этилишича, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 2021 йилда 40 542 та, 2022 йилда 47 365 та ва 2023 йилда 41 866 та, 2024 йилда 31 436 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. 2024 йилда қарийб 8 минг нафар ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги кузатилган.
Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оқибатида 2020-2024 йилларда қарийб 600 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир қилинган. Бунинг оқибатида ушбу даврда 322 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Шунингдек, Жиноят кодексида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик ва сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик назарда тутиляпти.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қолаверса, қонун билан жарима баллари ҳисобланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо қўллаш каби жавобгарлик белгиланяпти. Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланганда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг энг кам миқдори олти ойдан кам бўлмаслиги ҳам назарда тутилмоқда.







