Президент Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) бош директори Цюй Дунъюйни қабул қилди.
FAO раҳбари Бутунжаҳон пахта кунига бағишланган халқаро конференция ҳамда денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг аграр ва озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришга бағишланган иккинчи форумда иштирок этиш учун ташриф буюрган.
Ўзбекистон билан БМТ мазкур нуфузли тузилмаси ўртасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда амалий ҳамкорлик доирасида эришилган натижалар мамнуният билан қайд этилди. Янги беш йиллик дастур қабул қилинди. Айни пайтда 27 та қўшма лойиҳа фаол босқичга кирган.
Ўзбекистон илк бор 2028 йилдан 2029 йилгача бўлган давр учун FAO Кенгаши таркибига сайланди. Эртага Тошкентда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун Агроинновациялар хаби ишга туширилади.
Учрашув давомида янги ҳамкорлик дастурини самарали амалга ошириш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, иқлим молияси маблағларини жалб қилиш, тажриба алмашиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш каби йўналишларда истиқболли қўшма лойиҳалар портфелини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Самимий мулоқот якунида Цюй Дунъюй Ўзбекистон президентининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш соҳаларидаги ташаббуслари ва эришган ютуқларининг юксак эътирофи сифатида давлатимиз раҳбарига FAO олий мукофоти – Agricola медалини топширди.
БМТ FAO ташкилоти томонидан 1977 йилда таъсис этилган Agricola медали очликка барҳам бериш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби умуминсоний мақсадларга эришиш йўлида фидойилик кўрсатган ҳамда амалий чораларни амалга оширган атоқли арбобларга берилади.

















