Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида” қарорига мувофиқ ички ишлар тизимида қуйидагича тартиб ўрнатилади:
а) Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи:
- ҳар ўн кунда Тошкент шаҳар аҳолиси билан пойтахт ички ишлар органлари фаолияти масалалари бўйича маҳаллий телеканаллар эфирларида махсус кўрсатувларни бериб бориш орқали очиқ мулоқотни ўтказади;
- ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президентига пойтахтда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот тақдим этади;
б) мувофиқлаштириш бошқармалари бошлиқлари ҳар чоракда, уларнинг ўринбосарлари эса ҳар ойда Тошкент шаҳри туманлари халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида ҳисобот беришади, бунда улар томонидан юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар танқидий руҳда муҳокама қилинади, уларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо берилади, шунингдек, эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги тўғрисида тавсиялар қабул қилинади;
в) ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ҳар ойда аҳоли олдида бириктирилган ҳудудларда, ҳар олти ой давомида ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи барча оилаларни қамраб олган ҳолда, улар томонидан жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида қабул қилинаётган чоралар юзасидан ҳисобот беришади;
г) ички ишлар бўлимларининг профилактика инспекторларига:
- хизмат ўташ вақтида агарда бириктирилган ҳудудда тезкор-профилактик хизмат кўрсатилмай қолишига олиб келадиган бўлса, ҳудудни ташлаб кетишга рухсат берилмайди;
- уларга юклатилган вазифаларни бажариш учун, биринчи навбатда, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда республика миқёсида бир-бирларига ижро этилиши мажбурий бўлган, тадбирларни ўтказиш ва маълумот тўплаш бўйича топшириқлар бериш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, қарорда белгиланишича, ички ишлар бўлимлари бошлиқлари лавозимлари устуворлик асосида профилактика катта инспекторлари орасидан жамланади. Интизомий жазо чораси сифатида ёхуд бошқа салбий ҳолатларга кўра, ички ишлар органларининг бошқа бўлинмаларидан ўтказилаётган ходимларни Тошкент шаҳри профилактика инспекторлари лавозимларига тайинлашга йўл қўйилмайди.















