Бугун, 17 август куни президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташриф буюрди.
Кейинги йилларда Хоразм воҳасига келаётган меҳмонлар оқими бир неча карра ортди. Туристик салоҳиятни ишга солишга қаратилган ташаббуслар доирасида халқаро стандартларга жавоб берадиган транспорт-логистика инфратузилмаси яратилаётгани эътиборга молик.
Хусусан, Урганч халқаро аэропортида расмий делегацияларга хизмат кўрсатадиган терминал бунёд этилиб, янги аэродром мажмуаси реконструкциясининг биринчи босқичи жадал давом эттирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи ана шу лойиҳалар билан танишишдан бошланди.

Аэропорт 1960 йилда ишга тушган. Унга 1992 йилда халқаро мақом берилган. Умумий майдони 285 гектардан ортиқни ташкил этадиган бу мажмуа ўтган йиллар давомида минглаб йўловчиларга хизмат кўрсатиб келди. Бугунги кунда аэропорт орқали ўнга яқин нуфузли авиакомпания томонидан мунтазам қатновлар йўлга қўйилган. Жорий йилнинг ўзида аэропорт томонидан жами 126 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиб, мазкур кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга ўсди.
Жадал ривожланаётган замон, ортиб бораётган сайёҳлар оқими ва халқаро ҳамкорлик кўлами мавжуд қувватларни тубдан кенгайтиришни кун тартибига қўймоқда.
Урганч халқаро аэропортини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун жами 264 миллион доллар миқдорида инвестиция маблағлари йўналтирилган. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг хусусий шериги сифатида дунёнинг энг илғор, юқори технологик ва нуфузли авиация хабларидан бирини бошқарадиган Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси жалб этилди.

Президент Хива ва Урганч шаҳарлари йирик халқаро саммитлар, олий даражадаги дипломатик учрашувлар, нуфузли иқтисодий ва маданий анжуманлар ўтказиладиган глобал майдонга айланаётганини таъкидлади. Бундай тадбирларга келаётган хорижий делегациялар учун юқори даражадаги қулайлик ва хавфсизликни таъминлаш мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборига бевосита хизмат қилиши қайд этилди.
















