Жаҳон | 09:37
2812
5 дақиқада ўқилади

Венесуэладаги зилзила: вайроналар остидагиларни қутқаришга жуда кам вақт қолмоқда

Бир неча кун олдин Венесуэлада содир бўлган иккита кучли зилзиладан омон қолганларни топиш учун вақт жуда кам қолмоқда. Ҳукумат тасдиқлаган қурбонлар сони аллақачон 1450 нафарга етди.

Фото: AP Photo

Венесуэлада 25 июнь куни содир бўлган эгизак зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1500 кишига яқинлашди. Мамлакатнинг энг кўп зарар кўрган Ла-Гуайра штатига хорижий қутқарув гуруҳлари етиб келмоқда.

Reutersʼнинг ёзишича, Каракасдан тахминан 40 км шимолда жойлашган ушбу штатда ўнлаб бинолар вайрон бўлиб, қум ва вайроналар уюмига айланган.

«Қутқарув ва тиклаш ишлари давом этмоқда. Бугун (якшанба) биз одамларни тириклайин қутқардик, шунинг учун операциялар тўхтатилмайди. Биз ҳар доим умидни сақлаб қоламиз», деди муваққат президент Делси Родригес. Шунингдек, у биноларнинг яшаш учун яроқлилигини аниқлайдиган президент комиссияси тузилганини эълон қилди.

2026-06-29 09.27.35

Бир нечта вазирлари ҳамроҳлигида гапирган Родригес мактабларда дарслар яна бир ҳафтага тўхтатилишини ва Ла-Гуайрада электр таъминоти 75% гача тикланганини айтди.

Аввалроқ Миллий Ассамблея раиси Хорхе Родригес якшанба куни қурбонлар сони 20 кишига кўпайиб, 1450 нафарга етганини маълум қилганди. Унинг қўшимча қилишича, 3150 киши жароҳатланган, 12 721 киши уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган ва 774 та бино вайрон бўлган.

2026-06-29 09.27.50

«Биз ҳаётларни қутқаришни давом эттириш ва уйларидан айрилган ёки қандайдир сабабларга кўра ўз турар жойларига қайта олмаётган одамлар яшаши учун лагерлар қуриш учун ўта оғир ва ҳал қилувчи соатларни бошдан кечирмоқдамиз», деди у.

2600 дан ортиқ хорижий қутқарувчилар етиб келгунига қадар маҳаллий аҳоли ва кўнгиллилар кунлаб вайроналар остидан омон қолганлар ва жасадларни олиб чиқди. Улар кўпинча оғир техника етишмаслиги ва расмийларнинг камлигидан шикоят қилишди. Шу билан бирга юзлаб афтершоклар зарарни янада кучайтирди ва аҳолини хавотирда ушлаб турди.

Шу дам олиш кунларида ҳукумат шанба оқшомига қадар камида 33 киши, жумладан бир нечта болалар қутқарилганини, бироқ ўн минглаб одамлар ҳамон бедарак йўқолганлар рўйхатида қолаётганини маълум қилди.

2026-06-29 09.27.27

Венесуэла ҳукумати Ла-Гуайрага ёрдам ташиётган фуқаролик кўнгиллиларига миннатдорчилик билдирди. Кейинчалик йўлдаги тирбандлик тез ёрдам машиналарининг самарали ҳаракатланишига халақит бераётганини айтиб, йўлга киришни чеклаб қўйди.

Ҳукумат юзлаб одамлар бедарак йўқолган ёки қолиб кетган деган рақамларни келтирган. Аммо мамлакат сиёсий мухолифати томонидан тарғиб қилинаётган веб-сайтда 50 мингга яқин одам бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган.

Вақт кам

АҚШ Геология хизмати 7.2 ва 7.5 магнитудали зилзилалар оқибатида қурбонлар сони 10 000 дан ошиши мумкинлигини тахмин қилди. Бу эса ушбу офатни Лотин Америкасида сўнгги асрдаги энг кўп қурбон келтирган зилзилалар сирасига киритади.

«Тахминан уч кунлик, яъни 72 соатлик вақт оралиғи бор, шундан кейин одамларни тирик қутқариш эҳтимоли кескин камаяди», деди Швейцария қутқарув гуруҳи раҳбари Себастян Эугстер.

2026-06-29 09.26.49

Унинг қўшимча қилишича, 80 кишидан иборат гуруҳ саккизта қидирув итларининг ёрдами билан вайроналар остидан бир нечта омон қолганларни топган, бироқ уларни ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз вақтида олиб чиқишнинг имкони бўлмаган. Шанба оқшомида зилзилалар содир бўлганидан бери 72 соатдан кўпроқ вақт ўтди.

АҚШ Давлат департаменти америкалик қутқарувчилар вайроналар остидан адёлга ўралган ва йиғлаётган болани олиб чиқаётгани тасвирланган видеони жойлаштирди.

Колумбия қутқарув гуруҳи ҳам сканер ёрдамида жойини аниқлагандан сўнг, вайроналар остида тахминан 3 метр чуқурликда қолиб кетган 11 ёшли болани қутқариб қолди.

АҚШнинг юқори мартабали мулозими Трамп маъмурияти аллақачон ажратган 150 миллион долларга қўшимча равишда, яқин кунларда юзлаб миллион долларлик янги молиявий ёрдам пакети эълон қилиниши айтди.

2026-06-29 09.26.53

2026-06-29 09.27.06

2026-06-29 09.27.15

2026-06-29 09.27.19

2026-06-29 09.27.23

2026-06-29 09.27.31

2026-06-29 09.27.42

 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид