Президент Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, сўнгги пардозлаш ва жиҳозлаш ишларини кўздан кечирди.
Лойиҳа давлат раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги қарорига биноан бошланиб, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни унга пойдевор қўйилган эди. Бугунги кунда бунёдкорлик ишлари якуний босқичга кирган.
Маҳобатли иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.
Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали жойлашган. Бу ерда қадимий Усмон мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китоб нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади. Жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам ўрин олади.
Президент бу залдаги сўнгги пардозлаш ишларини кўриб, мутасаддиларга ўз тавсияларини берди.
Марказда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. Бу ерда турли халқаро учрашувлар, анжуманлар ўтказиш учун шароит яратилган.
“Ўзбекистон улуғ тарихга эга. Буюк аждодларимиз томонидан яратилган илмий ва маданий мерос инсоният тарихида ўчмас из қолдирган. Улар билан дунё ҳамжамиятини хабардор қилишда ушбу марказнинг ўрни беқиёс бўлишига ишонаман”, – деди Шавкат Мирзиёев.


Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади. Бу даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирларнинг серқирра фаолияти ҳақида маълумот берилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилган.


















