Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва Халқаро миграция сиёсатини ривожлантириш маркази Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган Protect лойиҳаси доирасида мамлакатдаги биринчи мигрантлар ресурс марказини очди. Бу ҳақда Европа иттифоқининг Тошкентдаги ваколатхонаси хабар берди.
Юқоридаги уч идора “Protect: Ипак йўли ва Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларда миграцияни бошқариш ва мигрантларни ҳимоя қилишни яхшилаш лойиҳаси”ни амалга оширади. Ўзбекистонда биринчи мигрантлар ресурс маркази ушбу лойиҳа доирасида ташкил этилган.
Расмий хабарга кўра, марказнинг асосий мақсади – минтақа бўйлаб потенциал мигрантлар учун хавфсиз ва қонуний миграция бўйича хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ноқонуний миграция хавфлари ва одам савдоси таҳдидлари ҳақида хабардорликни ошириш. Лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати билан 2025 йил март ойида имзоланган англашув меморандуми орқали расман йўлга қўйилган.
“Бундай марказлар одамларни миграция ҳақида онгли қарор қабул қилиш учун зарур маълумот билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Global Gateaway стратегияси тамойилларига мувофиқ, ЕИ Марказий Осиёдаги ҳамкорлар билан транспорт, рақамли технологиялар, энергетика ёки ижтимоий соҳаларда барқарор, инсон марказидаги инфратузилмага инвестиция қилади. Бу эса уйда ва чет элда имкониятларни яратиб, ноқонуний миграцияни рағбатлантирувчи босимларни камайтиради”, – дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тоиво Клаар.

Маълум қилинишича, Тошкентдаги мигрантлар ресурс маркази дунё бўйича фаолият юритаётган 14 та МРМ тармоғининг энг сўнгги ташкил этилгани ҳисобланади. Янги марказ миграция ёки қайтишни режалаштираётганлар учун амалий ва ўз вақтида ёрдам кўрсатиб, уларнинг қарорлари онгли, хавфсиз ва ҳуқуқларга асосланган бўлишини таъминлайди.
Тошкентдаги МРМ потенциал мигрантлар, қайтиб келган фуқаролар ва уларнинг оилалари учун ишончли, қулай ва долзарб маълумот ҳамда маслаҳатларни тақдим этади. Жумладан, ўзбекистонлик фуқаролар учун қуйидаги хизматлар кўзда тутилган:
- қонуний миграция йўналишлари ва хорижда иш имкониятлари бўйича маълумот бериш сессиялари;
- ноқонуний миграция, одам савдоси ва эксплуатация хавфлари ҳақида хабардорлик кампаниялари;
- жўнаб кетаётганлар учун тайёргарлик бўйича маслаҳатлар ва қайтганлар учун реинтеграция бўйича маслаҳатлар.















