Ўзбекистон | 14:33 / 14.02.2026
10938
2 дақиқада ўқилади

Яшин тушдими ёки AI маҳсули? Ҳокимлик Ўзгидромет хабарини рад этди

Ўзгидромет Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги йўлга яшин тушгани ҳақида хабар берди. Туман ҳокимлиги буни рад этиб, Ўзгидромет эълон қилган суратни сунъий интеллект маҳсули деб атади.

Жиззахда яшин тушгани ҳақидаги хабар ортидан агентлик ва ҳокимлик маълумоти бир-бирини рад этиб қолди.

Ўзгидромет 13 феврал куни соат 22:05 да Фориш тумани Янгиқишлоқ шаҳарчасидан ўтган автомобил йўлига яшин тушгани ҳақида хабар берди. Агентлик хабарга қўшимча равишда гўёки воқеа жойидан олинганини англатувчи суратни эълон қилган ва ҳодиса оқибатида ҳеч қандай талафотлар кузатилмаганини билдирган.

Ҳолат юзасидан Фориш тумани ҳокимлиги расмий муносабат берди. Ҳокимлик ўз муносабатида Ўзгидромет хабарини рад этган.

“Фориш тумани ҳокимлиги расмий манбаларига кўра, ушбу видео ва фотосуратлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Уларда акс этган ҳолат туман марказида содир бўлган воқеани ифодаламайди. Маълум қилинишича, тарқалган тасвирлар сунъий интеллект орқали яратилган бўлиб, воқеликка мос эмас, дейилади ҳокимлик хабарида.

Бироқ ҳокимликнинг расмий манбалари сифатида ким ёки қайси ташкилот назарда тутилгани очиқланмаган.

Шунингдек, ҳокимлик аҳолидан тасдиқланмаган ва асоссиз маълумотларга ишонмаслик, расмий манбаларга таяниш ҳамда ёлғон ахборотларни тарқатмасликни сўраган. “Ишончли маълумотларни фақат расмий ахборот каналлари орқали олиш тавсия этилади”, дея қўшимча қилинган рамий муносабатда.

Аввалроқ Фориш ҳокимлиги туманда “кучли яшин” кузатилганини рад этгани хабар қилинганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров

Мавзуга оид