Ўзбекистон | 16:59 / 21.08.2025
11900
2 дақиқада ўқилади

Маданият вазири яна рекламада кўриниш берди

Озодбек Назарбеков хусусий университет рекламасида суратга тушди. У ўтган йили эркаклар кийим дўконини реклама қилиши ортидан, Рақобат қўмитаси ўша дўконни жаримага тортган, вазирни эса реклама билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этмаган деб топганди. Қонунга кўра, реклама берувчиларга товарнинг давлат амалдорлари томонидан маъқулланганини кўрсатиш тақиқланган.

Реклама ролигидан кадр

Маданият вазири Озодбек Назарбеков яна реклама ролигида суратга тушди. Бу сафар у хусусий олийгоҳ – Kokand University'нинг Андижон филиали рекламасида кўриниш берди.

“Университетда қабуллар давом этмоқда, фурсатдан фойдаланиб барча ёшларимизга ушбу университетда таҳсил олишларини тавсия қиламан”, – деган Назарбеков.

Университет филиали бу роликни ўз расмий саҳифасига 4 июл куни жойлаган.

Бундан аввалги кейс

Бу – маданият вазирининг рекламада суратга тушганига оид биринчи ҳолат эмас. 2024 йилда Озодбек Назарбеков Kingsman кийим дўконини реклама қилиб чиққанди.

Ўшанда ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлгач, вазирнинг матбуот хизмати у бундан ҳеч қандай моддий манфаатдорликни мақсад қилмаганини билдирганди.

Реклама соҳасида ваколатли давлат органи – Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳолат бўйича ўрганиш ўтказиб, “Kingsman Uzbekistan” бренди остида фаолият юритувчи “Boutique” МЧЖ рекламада товарлари мансабдор шахс – маданият вазири Озодбек Назарбеков томонидан маъқулланганини кўрсатгани учун реклама қонунини бузган деб топган. Компания молиявий жаримага тортилган.

Вазир эса ваколатли орган томонидан айбсиз деб топилган. У рекламани ҳеч қаерда тарқатмагани туфайли, рекламанинг айланишида расман иштирок этмаган (реклама берувчи ҳам, реклама тайёрловчи ҳам, реклама тарқатувчи ҳам эмас) деган хулосага келинган.

Маълумот учун, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига кўра, рекламада товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганини кўрсатиш тақиқланган.

Мавзуга оид