Самарқандда 18–22 октябр кунлари шаҳарга кириш йўллари ва 16 та марказий кўчада транспорт ҳаракати вақти-вақти билан чекланади. Бунга шаҳарда ўтказиладиган йирик халқаро тадбирлар сабаб бўлмоқда.

Ички ишлар вазирлигига кўра, шаҳар 19−20 октябр кунлари «С5+1» форматидаги Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар вазирлари учрашувига, 21−22 октябр кунлари эса болалар фаровонлиги ва келажагига бағишланган бутунжаҳон саммитига мезбонлик қилади.

Ҳаракат чекланадиган кўчалар: Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет хиёбони, Регистон, Афросиёб, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Шоҳбот, Уста Умар Жўрақулов, Шоҳи Зинда, Мирзо Улуғбек, Беруний, Даҳбед, Рудакий, Гулобод ва Ойдин йўли.

Бу даврда ҳайдовчилар учун айланма йўллар орқали ҳаракатланиш ташкил этилади. Ёпилган йўллардан фақат тезкор хизматларнинг махсус транспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилади.

Самарқанд вилояти ҳудудидан транзит ўтувчи транспорт воситалари учун ҳам айланма ҳаракат йўналишлари белгиланган.

Вазирлик ҳайдовчилар ва шаҳар меҳмонларидан вақтинчалик ноқулайликларни тўғри тушунган ҳолда, йўлларда хавфсизликни таъминлаётган масъул ходимларнинг талабларига риоя қилишни сўраган.