15 октябр куни Марказий банкда ўтказилган “Молиявий хизматларда комиссиялар: харажатлар, рақобат ва истеъмолчи манфаатлари” мавзусидаги давра суҳбатида нақд пулни банк картасига киритиш учун ундириладиган комиссиялар ҳам муҳокама қилинди.

Тижорат банклари, тўлов тизимлари ва ОАВ вакиллари қатнашган учрашувда банкларнинг хизмат кўрсатиш харажатлари билан бирга, истеъмолчилар зиммасига тушаётган тўловлар масаласи кўтарилди.

“Банклар ресурсларни жамлашдан манфаатдор”

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўзи мижоз бўлган хорижий банкларни мисол қилиб, банкка пул киритиш ва ундан пул олиш учун алоҳида ҳақ тўламаслигини айтди. У банклар мижозларнинг маблағларини жалб қилиш ва ишончини қозонишдан манфаатдор эканига урғу берди.

“Мен ўзим Грузиядаги иккита банкнинг, Қозоғистоннинг битта банки мижозиман. Ҳеч қачон мендан пул киритганимга ҳам, пул чиқарганимга ҳам комиссия олмайди. Иккаласи ҳам.[…] Ўзининг банкига киритиш ва ўзининг банкидан чиқариш бепул. Чунки улар ресурсларни жамлашдан ва ишончдан манфаатдор”, — деди Бакиров.

Учрашувда журналистлар ҳам банклар ўз харажатларини асослаб бераётган бир пайтда, оддий фуқароларнинг харажатлари ҳам ҳисобга олиниши кераклигини таъкидлади. Хусусан, ойлигини картада оладиган одам пулини нақдлаштириш ёки бошқа картага ўтказишда қўшимча ҳақ тўлашига эътибор қаратилди.

Халқ банки: "ўз мижозларимиз учун бепул, бошқаларга — 0,4 фоиз"

Халқ банки вакили нақд пул қабул қилувчи ADM қурилмалари орқали картани тўлдириш шартларини тушунтирди. Унинг маълум қилишича, банкнинг ўз мижозлари учун бу хизмат бепул, бошқа банк мижозлари учун эса комиссия белгиланган.

“Бизда 220 дан ошиқ ADM қурилмалари бор, яъни жисмоний ва юридик шахслардан нақд пулларни қабул қиладиган. Республиканинг деярли барча туманларига ўрнатилган. Халқ банки мижозларига, яъни юридик ва жисмоний шахсларга, картасини тўлдириш ёки юридик шахсга инкассация қилиш учун комиссия олинмайди. Бошқа банк мижозлари учун 0,4 фоиз комиссия қўйилган. Бу ерда ҳам бизнинг даромадимиз унча катта эмас. Ҳозирги харажатларни қоплаш учун қўйилган”, — деди банк вакили.

Унинг таъкидлашича, банк ушбу хизматларда комиссияларни ўз харажатларига имкон қадар яқин даражада белгилашга ҳаракат қилмоқда.