Бакировга кўра, бундай ташаббусни Марказий банк илгари суриши мақсадга мувофиқ.

“Карталарга ва карталарни нақд пул билан тўлдиришга боғлиқ бўлган ҳамма комиссиялар ноллаштирилиши керак, ҳеч бўлмаганда ўтиш даври учун. Буни тижорат банклари ёки тўлов ташкилотлари ўзларининг ихтиёри билан қилмайди, чунки бу ёқда тўлов тизимлари белгилаб қўйган комиссиялар бор-да. Шу ерда регулятор майдонга чиқиши керак. “Ўртоқлар, 1 апрелдан бошлаб нақдсиз ҳисоб-китобга ўтяпмиз, кирим билан боғлиқ бўлган ҳамма комиссиялар бекор бўлади, чиқим билан боғлиқ комиссияларни бозор асосида амалга оширaверасизлар”, деган қандайдир ишорани кутяпман, мисол учун-да.

Агар биз транзакцион харажатлар, яъни комиссияларни назарда тутяпман, тартибга солмасак, тескари эффект беради. Маълум муддат битимлар амалга оширилмаслиги мумкин. Ёки, автомобиллар билан кўп юз беради: олди-сотди қилинмайди-да, ишончнома асосида битим амалга оширилади. Тескари эффект беради, халқ, истеъмолчилар барибир йўлини топишга ҳаракат қилади. Вақти келди шу чоралар ҳақида ўйлашга. Регуляция ҳақида ўйлашга. Бу регуляция айтганимдек, занжирни – тўлов тизими, тўлов ташкилоти, банклар билан боғлиқ ҳамма жараёнларни қамраб олиши керак”, – дейди у Kun.uz студиясидаги суҳбатда.

Банк соҳаси мутахассисининг қайд этишича, автомобил ва кўчмас мулк олди-сотдиси тўлиқ нақдсиз шаклга ўтказилиши – аслида тижорат банклари учун имконият.

“Бугун автомобил ёки уй-жойларнинг 5 фоизи ёки 10 фоизи – кредит асосида олинганлари банклар орқали ўтяпти. Энди тасаввур қилинг, юз фоиз ўтадиган бўлса, каррасига ошадими уларнинг ҳажми? Банклар ҳам ўз-ўзидан тушуниб етадики, энди комиссияларимни камайтирсам ҳам ўша даромадни олар эканман деган нарса пайдо бўлади. Буни ҳали кўпчилик тушуниб етгани йўқ. Банкларнинг даромади камайиб қолмасмикан деган хавотир бор. Йўқ, даромади камаймайди. Сабаб – ҳажм каррасига ошади”, – дейди Отабек Бакиров.

“Мана, бугун илғор банкларимиздан бири акция сифатида эълон қиляпти: бизнинг карталаримизга нақд пул солсангиз 2 фоиз комиссия. Бу акция экан, тушуняпсизми? Уларнинг назаридa 2 фоиз билан карта тўлдиришимиз мумкин экан деб чопиб боришимиз керак”, – дея қўшимча қилади у.

“Банклар пулни сақлаб қолиш учун жозибадор таклифлар бера бошлайди” – Исмоил Туропов

Суҳбатда иштирок этган банк соҳасининг яна бир мутахассиси Исмоил Туроповга кўра, нақд пулни нақдсиз шаклга ўтказиш комиссияларини минималлаштириш орқали банклар мижоз жалб қилиб, кирим қилинган маблағларни банк тизимида сақлаб қолишга ҳаракат қилиши мумкин.