Иш чоғида бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлганлар ёки жабрланганларга товон пули қандай тўланади?
Ўзбекистонда, сўнгги 3 йилда, қурилиш соҳасининг ўзида рўй берган бахтсиз ҳодисалар оқибатида 119 киши вафот этган, 117 киши жароҳатланган. Жами 302та бахтсиз ҳодиса рўйхатга олинган. АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда маълум қилинди.
Ўзбекистоннинг турли қурилиш-пудрат ташкилотларида охирги 3 йилда 302та бахтсиз ҳодиса рўй берган бўлиб, уларда 119 киши ҳаётдан кўз юмган, 117 киши оғир жароҳатланган. БваММВ, Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат инспектори Нозима Сулаймонова АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида қурилиш соҳасидаги бахтсиз ҳодисалар, уларда жабрланганлар ва жароҳатланганларга товон пули тўлаш тартибига ойдинлик киритди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
«Сўнгги 3 йилда қурилиш (соҳаси)нинг ўзида 302та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Бунда 119 қурувчи ходим вафот этган, 117 киши оғир тан жароҳати олган. Бу дегани, меҳнат қобилиятининг қайсидир қисмини йўқотиб бўлган.

Савол туғилади: уларга тўловлар қандай амалга оширилади?
Ҳар бир ташкилотларимиз, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш қилинган бўлса, (тўловлар) суғурта компаниялари орқали амалга оширилади. Лекин, суғурта қилинмаган бўлса, кўп ҳолатларда қурилиш-пудрат ташкилотлари бу суғуртани амалга оширмаган. (Компенсация пулларини тўлаш-таҳр.) иш берувчи, корхона маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бу тўловлар қанча муддатда тўланади?
Бахтсиз ҳодисани текшириш бўйича комиссия тузилади. 15 кун ичида бахтсиз ҳодиса сабаблари текширилади. Ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳар бир жароҳат олган ёки жабр кўрган оилага комиссия аъзолари ташриф буюриб, қонунчилик бўйича имкониятлари ва ҳуқуқларини тушунтириши шарт. Барча ҳужжатлар расмийлаштирилгач, узоғи билан 1 ой муддатда барча тўловлар амалга оширилиши керак.
Агар, ходим бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган бўлса, бир марталик 6 йиллик ўртача иш ҳақи тўлаб берилиши керак. Қарамоғида фарзандлари бўлса, марҳумнинг ўртача ойлик маоши уларнинг сонига бўлинади ҳамда ҳар бир фарзанди 18 ёшга киргунча тўлаб борилади.
Агар, бахтсиз ҳодиса оқибатида жароҳат олган бўлса, бир марталик тўлов бир йиллик ўртача иш ҳақини ташкил этиши даркор. Бундан ташқари, меҳнат қобилиятини тўла тиклагунга қадар, тўловлар фоизларда амалга оширилади. Яъни, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даражаси фоизларда ТМЭК томонидан аниқланади. 30 ёки 40 фоиз бўлса, ўртача маошининг шунча миқдори соғлиғи тиклангунгача ёки умрбод тўлаб борилади.
Ҳар бир жароҳат олган ёки вафот этган ходимлар бевосита назорат олиб борилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ва Пенсия жамғармаси, мабодо корхона тугатилса, тўловлар давлат зиммасига тушади ва молиялаштирилади.
Қурилиш ташкилоти бўладими, бошқа корхона бўладими, агар иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталамаган бўлса, турган гап, бахтсиз ҳодисани яширишга уринади. Минг афсуски, биз бу билан курашмоқдамиз, аммо унинг самараси сал пастроқ. Бунинг учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасини ҳам рақамлаштиришимиз керак ва одамлар бу соҳада қандай ишлар амалга оширилаётганини билиши лозим. Иш берувчиларимизга, аввалбошданоқ, суғурта қилишса, уларга арзонроқ тушишини етказиб беришимиз керак.
Бугунги кунда биз, бахтсиз ҳодса содир бўлгач, унинг оқибати билан курашишни бошлаймиз. Лекин, бизнинг таклифимиз, бутун жаҳонда татбиқ қилинган амалиёт, яъни ҳар бир хавф-хатар, бахтсиз ҳодиса эҳтимолларини баҳолаган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий қилишдир», - деди Нозима Сулаймонова.
Мавзуга оид

13:01 / 15.01.2025
Бешёғоч бозорининг ўрнида 9 қаватдан баланд бино қуриш Тошкент бош режасига зид — Қурилиш вазирлиги

11:42 / 13.09.2020
Қурилишдаги тугамаётган қонунсизликлар: Самарқандда фуқаро уч йилдан буён тўлов ўрнига жавоб хатлари олади

10:38 / 02.09.2020
Қурилишда давлат назорати янги регламент бўйича олиб борилади

08:15 / 31.08.2020