Термиз туманида мактаб ўқувчилари машина бошқариб, ЙТҲга учради. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ хабар берди.
Маълум қилинишича, ЙТҲ 2026 йил 9 октябр куни ярим тунда содир бўлган. Термиз шаҳридаги мактаблардан бирининг 10-синф ўқувчиси, 2010 йилда туғилган ўсмир онасига тегишли Cobalt машинасини Термиз тумани ҳудудида катта тезликда бошқариб бораётиб, йўл ўртасидаги ёритиш чироқлари устунига урилган. Бу пайтда машинада унинг синфдош дўсти ҳам бўлган.
Оқибатда иккинчи ўсмир оғир жароҳатланиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Машинани бошқаргани эса шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

ЙҲХБ лавҳасида устунга урилган Cobalt машинаси парчаланиб кетгани кўринади.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.














