Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пискент ва Бўка туманларидаги боғчаларда болалар заҳарланди
Дастлабки тахминларга кўра, тарбияланувчилар 3,2 фоизли кефирдан заҳарланган. Ўрганишда ушбу маҳсулот Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган. Ҳозирча нечта бола заҳарлангани очиқланмади. Тармоқларда тарқалган видеолавҳада вазият анча жиддийлигини кўриш мумкин.
Фото: Видеодан кадр
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманидаги боғчаларда болалар заҳарлангани, улар сони анча кўплиги ва шифохонага сиғмагани туфайли қўшни туманларга жўнатилгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳолат 24 сентябр куни кузатилган: тарбияланувчилар саломатлигида ўзгариш бўлгани сабабли тиббиёт бирлашмаларининг юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилинган.
Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга “ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси” ташхиси қўйилиб, зарурий муолажалар амалга оширилган. Шу куннинг ўзида аксарият болаларнинг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб бериб юборилган. Оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган.
Вазият Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан назоратга олинган. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ўрганиш ишлари бошланган.
Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб келинган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.
“Тиббий ёрдамга мурожаат қилган беморлардан олинган таҳлиллар ҳамда истеъмол қилинган озиқ-овқатлар намуналари тегишли лабораторияларда текширувдан ўтказиляпти. Қайд этилган ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом этяпти”, дейилади муносабатда.
Вазирлик нечта бола заҳарланганини очиқламаган. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар берилиши маълум қилинган.
Мавзуга оид
15:00 / 28.11.2025
Германиялик оила Истанбулда инсектицид билан заҳарланиш оқибатида вафот этди
16:33 / 25.11.2025
Тошкент вилоятининг икки туманига янги ҳоким тайинланди
11:25 / 06.11.2025
Сирдарёда машина олиб қочиб, Бўкада ИИБ ходимини пичоқлаган икки йигит узоқ муддатга қамалди
20:34 / 16.10.2025