Ўзбекистон фуқаролари учун ҳаж квотаси 2 баробарга оширилади
Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотаси икки баробар – 24 минг нафаргача, умра квотаси эса 100 минг нафаргача оширилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентга келган Саудия Арабистони делегацияси билан учрашувида шундай келишувга эришилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мулоқотда мусулмон оламининг муқаддас зиёратгоҳларига сафарларни ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан Ўзбекистон фуқароларининг Саудия Арабистонида бўлиши билан боғлиқ янада қулай ва шинам шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида ҳаж ва умра ишлари вазири Ўзбекистон президентига икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва валиаҳд, мамлакат бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Саудия делегациясининг бу ташрифи жорий йил август ойида Саудия Арабистонига амалга оширилган тарихий аҳамиятдаги давлат ташрифи давомида олий даражада эришилган келишувларнинг давоми экани таъкидланди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотасини икки баробар – 24 минг нафаргача, умра квотасини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, рақамлаштириш соҳасида илғор тажрибани жорий қилиш, саудиялик туристларнинг юртимизда бўлиши учун визасиз тартиб жорий қилинганини ҳисобга олган ҳолда уларнинг Ўзбекистонга сафарларини кўпайтириш, икки мамлакат етакчи илмий-тадқиқот марказлари ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Мавзуга оид
18:07 / 24.12.2024
Саудия Арабистонидаги кўзгусимон мегашаҳарни роботлар қуради
15:04 / 22.12.2024
Магдебургдаги ярмаркага ҳужум. Ҳозиргача нималар маълум?
23:55 / 03.12.2024
Саудия Арабистони машинистсиз бошқариладиган дунёдаги энг узун метрони ишга туширди
15:20 / 03.12.2024