Ўзбекистон | 14:02 / 18.03.2024
35330
3 дақиқада ўқилади

Бухорода мактаб ўқувчилари олиб кетилаётган автобус ЙТҲга учради. Бир ўқувчи ҳалок бўлган 

Когон туманидаги мактаб ўқувчилари Бухоро шаҳрига театр томошасига олиб кетилаётган бўлган. Бир ўқувчи ҳалок бўлган, яна бири жароҳатланган. Kun.uz манбасига кўра, ўқувчиларни театрга олиб бориш дарс пайтида амалга оширилган. 

Фото: Видеодан кадр

18 март куни соат 10:30 атрофида Бухоро вилояти Когон туманида автобус ва юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабарига кўра, тартибга солинган чорраҳада 33 ёшли ҳайдовчи О.Ш. бошқарувида бўлган автобус ҳамда 40 ёшли ҳайдовчи М.М. бошқарувидаги юк автомобили тўқнашган.

«ЙТҲ юзасидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тафсилотлар юзасидан қўшимча маълумот берилади», дейилади хабарда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг маълум қилишича, 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчилари 2 та автобусда Бухоро шаҳридаги драма театрига бораётган бўлган, улардан бири ЙТҲга учраган.

ЙТҲ оқибатида бир нафар ўқувчи воқеа жойида вафот этган, яна бир киши тан жароҳати олган. 25 нафар йўловчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Ўқувчилар Бухоро ва Когон шаҳарлари ҳамда Когон туманидаги тиббиёт муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Kun.uz манбасига кўра, мактаб ўқувчилари дарс пайтида Бухоро вилояти драма театрига томошага олиб кетилаётган бўлган.

Xabar.uz сайти ёзишича, автобус ва HOWO русумли юк машинаси тўқнашган ва машиналарнинг ҳар иккиси ҳам ағдарилиб кетган.

«Тўғриси, биз истамасак-да, Бухоро вилоят драма театрига ўз ҳисобимиздан томошага олиб кетишаётган эди. Ўғил болаларни бошқа автобусга, қиз болаларни бошқа автобусга жойлаштиришди. Бизнинг автобус автоҳалокатга учраган автобус орқасидан кетаётган эди. Кўз олдимизда шунақа даҳшатли тўқнашув бўлдики, эс-ҳушимизни йўқотаёздик. Ахир, у автобусда бизнинг ўғил бола синфдошларимиз бор эди», дея Когон туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчисининг сўзлари келтирилган хабарда.

Автобусдагилар 9-11-синфлар ўқувчилари бўлишган. 9-синф ўқувчиси бўлган қиз синфдоши О.Ж. исмли ўғил бола воқеа жойида вафот этгани ва уни экспертизага олиб кетишганини айтган.

«Жароҳатланганлар бор. Яна бир синфдошимиз оғир аҳволда комада экан. 11-синф ўқувчиларидан бирининг ҳам вафот этганини айтишмоқда. Аммо, нечоғлик аниқ, билмадим. Энди бир умр театрга бормайман…», – деган ўқувчи қиз.

Мавзуга оид