Италия бош вазири Жоржа Мелони расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Кеча, 28 май куни оқшомда Самарқандга кетиб келган меҳмонни аэропортда шахсан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Шундан сўнг Жоржа Мелони Ўзбекистон президенти ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони ва “Боқий шаҳар” мажмуаси билан танишди.

Италия бош вазирига Ўзбекистон халқининг бой маданий мероси, ҳунармандчилик ва амалий санъатини акс эттирувчи кўргазмалар намойиш қилинди. Рақс жамоаларининг чиқишларидан иборат маданий дастур ташкил этилди.

29 май куни тонгда Конгресс маркази олдидаги майдонда Италия етакчисини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Фахрий қоровул саф тортди, ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёв ва Жоржа Мелонининг юзма-юз ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

2023 йил июн ойида Рим шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми, шу жумладан етказиб берилаётган маҳсулотлар турининг кенгайгани ҳисобига қарийб 3 баробар ошди. Қўшма корхона ва лойиҳалар сони 2 баробар кўпайди. Италиянинг етакчи компаниялари билан металлургия, электротехника, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, туризм ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли кооперация йўлга қўйилган.