18:08 / 13.06.2024
6251

Май ойида Ўзбекистонда рекорд даражада кўп электромобил сотилди

Автомобил бозоридаги бир неча ойлик пасайиш тенденцияси тўхтаб, бозордаги фаоллик май ойида апрелга нисбатан 14 фоизга ўсди. Ой давомида енгил электромобиллар савдоси янги рекордни қайд этди: май ойида 3,8 мингта олди-сотди битимлари расмийлаштирилган бўлиб, бу апрелга нисбатан 32 фоизга, ўтган йилнинг майига нисбатан эса 2 баробарга кўп.

Фото: iStock

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази май ойи учун Ўзбекистон автомобил бозоридаги ҳолат таҳлилини эълон қилди.

Унга кўра, май ойида республикада автотранспорт воситаларининг умумий савдоси апрел ойига қараганда 14 фоизга ўсиб, 101 минг донани ташкил этган. Шунга қарамай, ўтган йилнинг май ойига нисбатан бозордаги фаоллик 35,4 фоизга кам.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Май ойида енгил автомобиллар савдоси қарийб 90 минг донани ташкил этиб, 14 фоизга ошди. Енгил автомобиллар савдосининг ўсиши феврал ойидан бери сўнгги 4 ой ичида бозор тикланишининг биринчи ижобий кўрсаткичи бўлди.

Енгил автомобиллар савдосида энг сезиларли ўсиш Сурхондарёда – 62 фоиз, Навоийда – 25,6 фоиз ва Фарғона вилоятларида – 19,6 фоиз кузатилди.

Шунга қарамай, енгил автомобиллар бозори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36,5 фоизга камайди. Ушбу пасайишни иккиламчи бозор улушининг сезиларли даражада пасайиши билан изоҳлаш мумкин, бу бозор шу даврда 1,8 бараварга қисқарган.

Бирламчи автомобил бозоридаги вазият

Бирламчи енгил автомобиллар бозорида май ойида сотувлар апрел ойига нисбатан 45,5 фоизга ошди ва деярли 29 мингни ташкил этди. Бироқ йиллик кўрсаткичларда фаолликнинг 13,6 фоизга пасайиши кузатилмоқда.

Май ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси апрелга нисбатан салкам 2 баробарга ошиб, 26 мингтани ташкил этди. Шу билан бирга, 2023 йил май ойига нисбатан ушбу сегментда фаоллик 12,4 фоизга кам бўлган.

Хорижий енгил автомобиллар сегменти

Хорижий енгил автомобиллар бозори ҳам фаоллик ошганини кўрсатди. Май ойида сотувлар бир ой олдингига нисбатан 20 фоизга ошиб, 2,4 мингтани ташкил этди. Бироқ, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга кам.

Иккиламчи енгил автомобиллар бозори

Май ойида иккиламчи енгил автомобиллар бозоридаги фаоллик апрелга нисбатан 3,4 фоизга ошди – иккиламчи бозорда 61 мингга яқин автомобил сотилди. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан деярли 43 фоизга кам.

Электромобиллар бозоридаги вазият

Май ойида енгил электромобиллар сегменти яна юқори даражадаги ўсиш суръатларини намойиш этди. Сотувлар апрел ойига нисбатан 31,6 фоизга кўпайиб, рекорд даражага етди: бир ойда 3,8 мингта электромобил сотилди.

Ўтган йилнинг май ойи даражасига нисбатан электромобиллар савдоси 2 бараварга ошди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Май ойида электромобиллар умумий савдосининг 76 фоиздан ортиғи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган.

Top