Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябр куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбойжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган саммитда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, етакчилар долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиб, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбойжон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболларини кўриб чиқдилар.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида сўнгги йилларда Марказий Осиёда юз берган ижобий ўзгаришларни қайд этди. Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, бунда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари муҳим ўрин тутди.

Президент Марказий Осиёни XXI асрда ривожлантириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани тузиш жараёни якунланганининг тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Минтақавий жараён доирасида катта ва мураккаб тузилмаларни ташкил этишга интилиш йўқлиги қайд этилди.

“Бизга кучли, суверен ва мустақил давлатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва прагматизм асосида ҳамкорлик қиладиган мослашувчан ва тушунарли формат керак”, – деди президент Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё мамлакатлари яқинлашаётган ҳозирги мураккаб халқаро вазиятга қисқача баҳо берди.

“Дунё шиддат билан ўзгариб, кескинлик кучаймоқда, савдо ва транспорт алоқалари қайта шаклланмоқда, янги хатарлар пайдо бўлмоқда”, – деди давлат раҳбари.

Шу боис, ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишлари бўйича келгусидаги қўшма фаолиятни янада яқинроқ мувофиқлаштириш аҳамияти кўрсатиб ўтилди.

Аввало, тарихий, иқтисодий ва транспорт алоқалари мавжуд минтақалар билан ягона ҳамкорлик маконини шакллантириш ғояси илгари сурилди. Пайдо бўлаётган имкониятлардан фойдаланиб, бу алоқаларни анча мустаҳкамлаш ҳамда савдо, транспорт, энергетика, саноат ва янги технологияларни биргаликда ривожлантириш бўйича аниқ мазмун билан бойитиш зарурлиги таъкидланди.