2022−2025 йилларда 14 ёшга тўлмаган болаларнинг номусига тегиш бўйича 445 та жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда 29 сентябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулруҳ Агзамова маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, 2022 йилда бундай ҳолатлар бўйича 85 та, 2023 йилда — 108 та, 2024 йилда — 129 та, 2025 йилда эса 123 та жиноят иши қўзғатилган.
Бу маълумотлар болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида келтирилди.
«Бугун биз шунчаки навбатдаги қонун лойиҳасини муҳокама қилаётганимиз йўқ. Биз болалар тақдири, уларнинг хавфсизлиги, эртанги кунга бўлган ишончи, энг муҳими, жамиятимизда бола қадри қанчалик устувор эканлиги ҳақида гаплашмоқдамиз», деди Агзамова.
Депутат Наманган вилоятида яқинда содир бўлган ҳолат болаларга нисбатан оғир жинсий зўравонлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш заруратини яна бир бор кўрсатганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, болаларга нисбатан ўта оғир жинсий жиноятлар учун жазони кучайтириш, жумладан, 14 ёшга тўлмаган боланинг номусига текканлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш ҳақидаги қонун лойиҳаси 29 сентябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун кучга кириши учун Сенатда маъқулланиши ва президент томонидан имзоланиши керак.
















