Президентнинг шу йил маданият вакиллари билан учрашувидан кейин тузилган Рақамли санъат ижодий бирлашмаси сунъий интеллект бўйича катта лойиҳалар билан ҳам шуғилланмоқда. Бирлашма раҳбари ўтган ҳафта АҚШда бўлиб, турли келишув ва меморандумларга имзо чекди.
Kun.uz билан Ню Йоркда суҳбатлашган Набиев Америкадаги ҳужжатлар мазмуни, бирлашма ишларининг бориши ва режалар хусусида гапириб берди. Унинг таъкидлашича, Бостонда ўзбек СИ мактаби очилади. Америкаликларга ўзбек мутахассислар келиб дарс беради.
«Бизнинг мактаб ТОП 10 таликда турибди. Яъни АҚШ ҳам бизнинг ишларимизни тан олмоқда, мана, Бостондаги мактабга таклиф қилишди, биз келиб дарс берамиз», дейди Рауф Набиев.
Шунингдек, яқин фурсатда СИ ёрдамида Алишер Навоий ҳақида филм яратилади. Унинг тақдимоти эса Америкада ўтказилиши режаланмоқда. Бирлашма раисининг қўшимча қилишича, АҚШ тадқиқот институти билан ҳам ҳамкорлик келишуви имзоланган. Унга кўра, энди америкалик тадқиқотчилар Ўзбекистонга келиб, маданият тизимини ўрганади ва таҳлилини беради.
«Ўзбеклар эмас, америкаликлар бориб, нега бизнинг театримиз аввал бошқа даражада эди, ҳозир шу даражага тушиб қолди, нега киномизни ҳеч ким кўрмайди — ҳаммасини таҳлил қилади. Келгуси 10 йилда масалан, бизнинг маданият тизимимизни нималар кутяпти, буларни ҳам айтишади», дейди у.
Раиснинг қўшимча қилишича, энг катта лойиҳалардан бири аждодларимизнинг қиёфаси СИ ёрдамида қайта тикланиши мумкин. Лекин бунинг учун ҳукуматдан рухсат талаб этилади, шунинг учун бу ҳали таклиф бўлиб турибди.
СИ ривожланган замонда уни маданиятга жалб этиш — қанчалик тўғри ёндашув ўзи?
Бирлашма раисига кўра, кўр-кўрона эмас, балки муаммоларни ечиш ва яхшилаш, ишни тезлатиш мақсадида қилинса, СИ ўзини оқлайди.
«Авваламбор, тушунчани тўғрилаш керак, бизда СИ билан сабзавотларни гапиртириш ва шунга ўхшаш ишларни қилишяпти. Одамлар ҳам СИ шунга керак деб нотўғри тушунишмоқда. СИ — бу катта имконият. Биз ҳатто, кино ҳам оляпмиз», дейди Рауф Набиев.
Лекин бирлашма раиси асарларда ҳиссиёт, дид, энергия қолиши кераклиги, шунинг учун ҳам СИ ҳеч қачон ижоддан устун келмаслигини ҳам қўшимча қилди. Унинг айтишича, вақтида СИни яхши ривожлантириш орқали давлатдан чиқиб кетаётган ўнлаб миллион долларларни жамғариб қолиш мумкин.
«Ҳамма СИ устида ишлаб, илғорлаб кетаётган бир он биз керакми-керак эмасми, деб муҳокама қилишимиз ўринсиз. Энди ортга йўл йўқ», дея қўшимча қилади у.
Суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифаси орқали тўлиқ томоша қилинг.












